“Ўзкомназорат” ДИ ахборот хавфсизлиги мутахассисларининг COVID-19 пандемияси сабаб интернет орқали фирибгарлик қилиб, одамларнинг маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари кўпайгани ҳақида огоҳлантиради.
“Ўзкомназорат” давлат инспексияси фуқароларнинг ижтимоий тармоқларда коронавирусни қон орқали аниқлайдиган восита яъни тестлар сотилиши ҳақидаги эълонларга хушёр қарашга чақиради. Фирибгарлар бу каби эълонлар ёрдамида одамларни алдаб, уларга махсус сайтдаги анкетани тўлдиртириб, сиз ҳақингизда шахсий ахборотларга эга бўлади ва олдиндан электрон тарзда тўлов амалга оширилишини сўрайди, оқибатда банк пластик картаси ҳақидаги маълумотлар учинчи шахсларга маълум бўлади.
Шунингдек, тармоқларда шахсий тиббий ҳимоя воситалари комплектлари сотилиши, уларда тиббиёт ниқоблари, антисептик салфеткалар ва дезинфекция воситалари дорихонадаги нархлардан икки баравар қимматроқ сотилаётгани каби салбий ҳолатлар ҳам учраб турибди.
“Ўзкомназорат” юқоридагиларни инобатга олган ҳолда фуқаролардан қонда коронавирус инфекцияси бор ёки йўқлигини билиш учун давлат тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишни, шу билан бирга заруриятга кўра, керакли тиббий буюмларни дорихоналар ҳамда шаҳардаги савдо дўконларидан харид қилишни тавсия этади.