Коронавирус сабаб пойтахт жамоат транспортлари ҳаракати тўхтатилиши муносабати билан "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ томонидан корхона ва ташкилотлар ходимлари учун шартнома асосида транспорт хизматлари кўрсатилаётган эди. Бунинг учун автобуснинг санитария талабларига жавоб беришини тасдиқловчи махсус белги, яъни стикер жорий этилганди.
Мазкур стикерда автобус хизмати буюртмаси бўйича жамиятнинг махсус телефон рақами кўрсатилган.
Республика махсус комиссияси қарорига кўра жорий йилнинг 30 мартидан карантин даврида хусусий ҳамда муҳим бўлмаган транспорт воситаларининг ҳаракати тўхтатилиши муносабати билан мазкур стикер ҳам ўз кучини йўқотди. Автобус ҳамда бошка транспорт воситалари учун давлат хизматлари агентлиги томонидан махсус рухсатнома бериш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Тошшаҳартрансхизмат матбуот хизмати хабар берди.
Аммо, тушунмовчилик сабаб айрим ижтимоий сайт ва тармоқларда махсус рухсатномалар учун "Тошшаҳартрансхизмат"АЖнинг аввалги стикерида кўрсатилган телефон рақамига мурожаат қилиш мумкин, деган маънодаги материаллар тарқаган.
"Тошшаҳартрансхизмат"АЖ 71 244 18 63 тефон рақами орқали фақат автобус буюртмаларини қабул қилишини маълум киламиз.
Махсус рухсатномалар бўйича эса Давлат хизматлари агентлигига мурожаат қилишингиз мумкин, дейилади хабарда.