АсосийЖАМИЯТ

5 нафар беморнинг аҳволи оғир, 2 нафариники эса нисбатан оғир — Нурмат Отабеков

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитар...

'5 нафар беморнинг аҳволи оғир, 2 нафариники эса нисбатан оғир — Нурмат Отабеков'ning rasmi

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистон24 канали орқали Ўзбекистондаги коронавирус билан хасталанган беморларнинг аҳволи ҳақида маълумот берди. 

Унга кўра, айни дақиқаларга келиб мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан рўйхатга олинган беморлар сони 158 нафарни ташкил этди. Вирусология илмий-тадқиқот институтида даволанаётган беморларнинг 22 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти. Мазкур ҳолат бевосита ренгионалагик текширувларда ҳам ўз тасдиғини топган. Даволанаётган беморлар 5 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғир, деб баҳоланмоқда. Барча беморлар тегишли даволаш муолажаларини оляпти ва уларнинг ҳар бири тиббий кузатувда.  

- Бугунги кунга келиб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 90 мингдан кўпроқ фуқаромиз тиббий кузатув остига олинган. Улар орасидан ҳам касаллик чиқиб қолиш эҳтимоли йўқ эмас. Шундай экан, касаллик қўзғатувчиси юртимиз ҳудудида айланиб юрибди. Ҳар биримиз эҳтиётимизни қилишимиз, ортиқча мулоқотга киришишдан тийилишимиз керак.

Қачонки, биз мулоқотларни камайтирар эканмиз, касаллик бир одамдан иккинчи одамга юқишининг олдини олган бўламиз. Бу давр ўткинчи. Карантин тадбирларига масъулият билан ёндашайлик. Энг асосийси, сабр-қаноат билан тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилиш, уйда қолиш орқали ушбу сафарбарлик ишида фаол иштирок этайлик, дейди Н.Отабеков.

 

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус беморлари сони 158 нафарни ташкил этмоқда. Беморларнинг 7 нафари бутунлай соғайди. 

Шунингдек, 27 март куни коронавирус билан касалланган наманганлик 72 ёшли аёл вафот этди.

28 март куни эса 1 нафар бемор (эркак)да ўлим ҳолати қайд этилди.

    Бошқа янгиликлар