Бугун, 6 апрель куни 171 та мулкка ўтказиладиган онлайн-аукционларда 1695 нафар иштирокчи қатнашиш учун ариза топширди. Бу ҳақда Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, бу кўрсаткич ўтган ҳафта савдоларда иштирок этган иштирокчилар сонидан қарийб 400 тага кўп дегани.
E-ijro auksion савдо майдончасида савдолар ҳажми ҳам сўнгги 2 ҳафтада ошган. Жорий йилнинг 27 март – 2 апрель кунлари ўтказилган савдоларда 1294 та иштирокчи қатнашган, 569 та мулк савдога чиқарилган, 344 та мулк реализация қилинган. Шу жумладан 6 та бўш турган давлат объекти, 51 та тадбиркорлик ва 87 та уй-жой қуриш учун ер участкалари, 36 та юридик ва жисмоний шахслар буюртмасига асосан 36 та мол-мулклар сотилган ҳамда 100 дан ортиқ давлат мулки объектлари ижарага берилган.
Маълумот учун, “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузурида ташкил этилган. Марказ фаолияти тўлиқ масофавий ишлаш режимига ўтказилган. Операторлар томонидан бир кунда ўртача 200 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилиб келинади.