Шифокор, блогер, ва депутат Обиджон Латипов барча тиббиёт ходимлари коронавирусга тест топшириш зарурлигини айтмоқда, дея хабар бермоқда “darakchi.uz”га “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби.
Аввалроқ, қорақалпоғистонлик ҳамшира беморни даволашнинг биринчи куниёқ ушбу вирусни юқтириб олгани ҳақида хабар берилган эди. О. Латипов бундай ҳолат юз берганига тиббиёт ходимларининг керакли ҳимоя воситалари билан етарли даражада таъминланмаганлигини сабаб қилиб кўрсатмоқда.
Ваҳоланки, карантин эълон қилинганлигига салкам бир ой вақт ўтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилот ва идораларга бир неча бор тез тиббий ёрдам хизматлари, оилавий поликлиникалар-у барча шифохоналарнинг зарурий тиббий ҳимоя воситалари билан таъминланиши зарурлигини айтса-да, улар бунга жавоб беришмаган. Обиджон Латипов бу муаммони ОАВ орқали кўтармоқчи бўлганида масъуллар тезда ҳаракатга тушди. Эндиликда бутун тиббий масканлар тўлиқ ҳимоя воситалари (комбинзон, ҳимоя кўзойнаги, тиббий ниқоб, қўлқоп ва ҳ.к лар) билан таъминланади.






