2020 йилнинг май ойида ўтказилиши режалаштирилган Х Петербург халқаро юридик форуми кейинги йилга қолдирилиб, унинг ўрнига жорий йилнинг 10–12 апрель кунлари Форумнинг виртуал платформаси доирасида онлайн режимда бўлиб ўтадиган 9½: “Коронавирус қонунлари” махсус халқаро форум ўтказиляпти.
Онлайн форумнинг мақсади – турли юридик касб вакиллари-етакчи юристлар томонидан COVID-19 пандемияси шароитида жамият ҳаётининг ҳуқуқий аспектларини муҳокама қилишдир.
Мазкур онлайн форум доирасида 10 апрель куни Тошкент вақти бўйича соат 15:45 дан 16:45 га қадар ўтказиладиган адлия вазирлари очиқ мажлисида “Пандемия шароитида давлат бошқаруви ва қонун ижодкорлиги” мавзусида адлия вазири Р. Давлетов чиқиш (тақдимот) қилиши ҳам режалаштирилмоқда.
Онлайн форум доирасида инсон ҳуқуқлари, шартнома мажбуриятлари, давлат бошқаруви ва қонун ижодкорлиги, суд тизимининг фаолияти, ахборот майдони, санитар чекловлар режими, халқаро ҳамкорлик, жиноятчиликка қарши кураш, бизнесни юритиш ва пандемия шароитида иқтисодий, ижтимоий ва давлат ривожланишининг бошқа жиҳатлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.