Бугун АОКА штабида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Анвар Умаров иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Брифинг давомида муҳим саволларга қайтарилган жавоблар тақдим этилди.
- Нега ўқувчиларни электрон кундалик орқали уй ишларини ҳар куни юборишни талаб қилишади? Эртаси куни юборилса, қабул қилинмаяпти. Бу ўқувчилар ўртасида кўчиришни олдини олиш учун қилинаётган экан. Ҳеч қаерда оила интернет сарф қилиши ҳақида гапирилмаган. Давлат ўқувчиларни интернет билан таъминлаши шарт. Шу талаб тўғрими?
— Дарслар ҳар куни ўтказилади. Ўқувчилар уй ишларини оддий даврда бўлганидек ҳар куни қилишлари керак. Дарслар ўз вақтида қилинмаса, уй вазифалари тўпланиб қолади ва фарзандингиз уларни бажаришда қийналади. Бундан келиб чиқиб, болангиз ҳар куни уй вазифасини қилиши керак.
Мамлакатимизда карантин жорий этилганидан кейин 1 апрель кунидан бошлаб ўқитувчилар масофадан ишлашни бошлашди. Ўқитувчилар уй вазифаларини бажарилишини текшириб боришлари лозим, буни эса ҳозирда фақат интернет ёрдамида амалга ошириш мумкин.
Шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимиздаги аксарият мобиль алоқасини тақдим этувчи компаниялар Kundalik.com сайтини ўз абонентлари учун БЕПУЛ хизмат кўрсатишини таъминлаган. Тизимдан фойдаланганлик учун мегабайтлар кетмайди.
- Шаҳар халқ таълими бошқармаси ҳар куни ота-оналардан фарзандлари дарс қилаётганлиги ҳақида видеороликлар олишни ва уларга юборишни сўраяпти. Шу тўғрими?
— Ҳозирги даврда ота-оналар фарзандларининг видеодарсларни томоша қилиши ва топшириқларни бажаришига масъул эканини эслатиб ўтамиз. Ота-оналар фарзандларининг дарс қилишини назоратга олиши лозим.
Дарс жараёнини видеога олиб, ўқитувчи ёки халқ таълими бошқармасига юборишга ЭҲТИЁЖ ЙЎҚ!
- Президент мактаблари нега телевизион дарсларни тайёрлашга жалб этилмаган?
— Телевизион дарсларни тайёрлашда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган Президент мактабидан бир қатор маҳаллий ўқитувчилар ЖАЛБ ҚИЛИНГАН. Улар она тили, адабиёт, астрономия ва физика фанларидан видеодарслар тайёрлаган.
Келгусида Халқ таълими вазирлиги Президент мактаби ўқитувчиларини STEAM фанлари бўйича видеодарсларни олишга жалб қилишни режалаштирган.