Бугун, 15 апрель куни ижтимоий тармоқларда “Янгийўл шаҳар Наврўз даҳасида жойлашган 4-уй олдида 3 нафар нотаниш шахслар дайди итларни отиб кетишмоқда”, деган изоҳлар билан хабар тарқатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан, бугуннинг ўзида Тошкент вилояти ИИББ ЖҚБ ва Янгийўл шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан тезкор суруштирув ишлари олиб борилди ва ушбу нотаниш шахслар аниқланди.
Маълум қилинишича, улар Янгийўл шаҳар Наврўз даҳасида яшовчи Д.С., А.Х. ва А.К. бўлиб, ўзларига тегишли бўлган 2 дона спорт пневматик (тир) милтиғи, ҳужжатлари билан далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб, олинган.
Суҳбат жараёнида улар спорт пневматик (тир) милтиқларини Тошкент шаҳридаги “Динамо” спорт дўконидан ҳужжатлар асосида расмийлаштириб олганлигини ва карантин даврида ёш болалари уйда бўлганлиги сабабли, хавфсизлик юзасидан ушбу қуролларни таниши “Улуғбек” исмли шахснинг уйига олиб кетаётганлигини ва ҳеч қандай жониворларга қарата ўқ отмаганлигини айтишган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл тумани ИИБ томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






