АсосийЖАМИЯТ

Аёлларнинг "Ишонч телефони": 6 кунда 36 нафари зўравонликка учраган, 4 нафарининг жонига қасд қилиши олди олинган

Карантин пайтида тазйиққа учраган аёллар учун жорий йилнинг 10 апрелидан “Ишонч телефони”...

'Аёлларнинг "Ишонч телефони": 6 кунда 36 нафари зўравонликка учраган, 4 нафарининг жонига қасд қилиши олди олинган'ning rasmi

Карантин пайтида тазйиққа учраган аёллар учун жорий йилнинг 10 апрелидан “Ишонч телефони” йўлга қўйилгани ҳақида аввал хабар берилганди. Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати 10-16 апрель кунлари давомида мазкур "Ишонч телефони"га келиб тушган мурожаатлар таҳлилини тақдим этди.

Унга кўра, 6 кун ичида оилавий ажримлар, алимент ундириш, суд қарорлари устидан шикоят, гендер нотенглик ҳамда психологик ёрдам бўйича жами 121 та мурожаат йўлланган. Уларнинг 36 тасини оилада зўравонликка учраганлар, 31 тасини моддий ёрдам сўраганлар, 14 тасини тушунтириш берилганлар, 12 тасини эр ва хотин ўртасида бола тарбияси бўйича низолар, 9 тасини алимент ундириш, 8 тасини меҳнат низолари, 4 тасини ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш ҳолати, 3 тасини ажримлар ва 1 тасини аноним мурожаат ташкил этади. 

Шуларнинг 110 таси ижобий ҳал этилган. Қолганлари эса карантин даврида озиқ-овқат билан таъминланиши сўралгани боис тегишли идораларга йўналтирилган.

Хотин-қизлар ишонч телефони оператори, ҳуқуқшунос ва руҳшуносдан маслаҳат ва ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олиб келишмоқда. Шу ўринда, 25 нафар опа-сингилларимиз томонидан ҳуқуқшуносга мурожаат келиб тушган. Аҳамиятлиси, 4 нафар хотин-қиз ўз жонига қасд қилишининг олди олинди.

Таъкидлаш жоиз, “Ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, ушбу Комиссия қошидаги ННТ бирлашмаси аъзолари, Ички ишлар вазирлиги, ҳокимиятлар ҳамда ҳудудлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалий ёрдам берилади.

Эслатиб ўтамиз, хотин-қизлар карантин даврида ҳар куни 8-00 дан 18-00 гача фаолият кўрсатадиган “Ишонч телефони”нинг қуйидаги рақамларига қўнғироқ қилиб, батафсил жавоб олишлари мумкин.

Ҳуқуқшунос: +99897 137 26 26;                         

Руҳшунос:  +998 97 137 27 27;  

Ишонч телефони оператори: +99897 137 24 24

Шунингдек, t.me/zoravonlikka_yol_yoq_netnasiliyu телеграм канали орқали ҳам оилада тазйиқ ва зўравонликка учраётган хотин-қизларга бепул ҳуқуқий маслаҳат ва психологик ёрдам кўрсатиб борилади.

    Бошқа янгиликлар