Кеча, 27 апрель куни кечқурун Қашкадарё вилояти ҳудудида ҳам кучли шамол (20-25 м/с тезликда) кузатилди ва бу ҳолат бир қанча талофатларни келтириб чиқарди. Вилоятда юзага келган фавқулотда ҳолат юзасидан вилоят комиссияси ахборот берди.
Келиб тушган мурожаатлар ва қўшимча ўрганишлар давомида вилоят ҳудудида кучли шамол натижасида 3 та кўп қаватли уйларнинг 1020 м2 том ёпмаси, 52 та якка тартибдаги турар-жой биноларининг том ёпмаси, 2 та ташкилот биносининг 200 м2 том ёпмаси, 2 та ички газ қувури, 5 та иссиқхоналар ва 97 та турли-хил катталикдаги дарахтлар зарарланганлиги аниқланди.
Шунингдек, дарахтлар ва биноларнинг том қисмлари қулаши натижасида электр энергияси ва табиий газ таъминотида фавқулодда ўчишлар юзага келди.
Ҳозирда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда вилоят ФВДТ хизматларининг тегишли куч ва воситаларини жалб этган ҳолда кучли шамол оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу тадбирларга вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва ҳудудий тузилмалари томонидан 16 та техника 75 нафар шахсий таркиб жалб этилган.
Эслатиб ўтамиз, 27 апрелдан 28 апрелга ўтар кечаси Бухоро вилояти ҳудудида кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатида жами 5293 та объектнинг 378 минг 238 кв.метр том қисмида шифер қопламалари, 1630 кв.метр бино ва деворлари, 15415 дона эшик ва деразаларига шикаст етди.
41 нафар фуқаро жароҳатланди, 1 киши вафот этди.
Бухорода кузатилган табиий офат ҳақида маълумотларни шу ерда ўқишингиз мумкин.





