АсосийJamiyat

Қабрлар қандай зиёрат қилинади?

'Қабрлар қандай зиёрат қилинади?'ning rasmi

Юртимизда ҳар йили 9 май — Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Бу куни Ватан ҳимояси учун жон фидо қилган ва юрт равнақи учун хизмат қилган марҳум ота-боболаримиз руҳларини шод этиш учун ҳақларига дуои хайр қилнади. Ўтиб кетган яқинларимиз қабрларини зиёрат қилиш учун қабристонларга чиқамиз. Зеро, ушбу гўзал одат, ота-боболаримиздан қолган удум ва динимиз кўрсатмаси ҳамдир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам “Ўтганларингизни яхши сифатлари билан эсланг”, дея марҳамат қилганлар. 

Қабрлар қай тарзда зиёрат қилингани маъқул? Муқаддас динимизда бу борада қандай кўрсатмалар берилган? Аёллар ҳам қабристонга чиқса бўладими? Шу каби саволлар жавоби бугун кўпчиликни қизиқтираётган бўлиши мумкин. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида Бақийъ қабристонига бориб, маййитлар ҳақига дуо қилардилар. Шунинг учун ислом динида табаррук зотларнинг қадамжоларини ва вафот этган яқинларимизни қабрларини ҳамда қабристонларни зиёрат этиш савобли амаллардан саналади. Аммо қабристонни зиёрат қилишнинг ҳам одоблари бор. Имом Муслим (р.а.) ва Имом Аҳмад ибн Ханбал (р.а) ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллоллоҳҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уни зиёрат қилаверинглар. Сабаби, у сизларга охиратни эслатади”, деганлар. Ушбу ҳадиси шариф қабристонларга зиёрат қилиш учун эркак киши ҳам, аёл киши ҳам боришлиги, уларнинг хаққига дуо қилиш жоизлиги, ўқилган Қуръон ва қилинган дуоларнинг вафот этганлар учун манфаати бор эканлигига далолатдир. 

Дарҳақиқат, шариатимизда аёлларимизнинг қабристонга боришларига ҳеч қандай монелик йўқ. Фақат одоб-ахлоқ доирасидан чиқмаган ҳолда, зиёрат қилишлари жоиз. У ерда овозлари борича дод солиб, Аллоҳнинг тақдирига норози ҳолда йиғлаш, битган ярани янгилаб, ҳаммани ғамга ботириш мумкин эмас. Чунки пайғамбаримиз саллоллоҳҳу алайҳи васаллам “Вафот этган инсон яқинларининг оҳ-воҳ чекишлари сабаб қабрда азоб чекадилар”, деганлар. Динимиз аввалида айнан шу каби ҳолатлар борлиги сабаб Пайғамбаримиз саллоллоҳҳу алайҳи васаллам қабр зиёратидан қайтарганлар.

Қабристонга зиёратга борганларида либос ва зийнат бобида камтарона иш тутишни унутмаслик зарур. Яъни аёлларнинг аврат жойлари ёпиқ бўлиши, атир ва бошқа хушбўй нарсалар суртмаслиги, қабрдаги кишидан бирор нарса сўрамаслиги шарт. Агар васила(восита)қилиб сўралса, бизнинг Аҳли сунна вал жамоа уламоларининг наздида жоиз. Шариатимизга мувофиқ тарзда зиёрат қилиш,қабристонга борганда маййитларга салом бериш ва уларнинг ҳақига дуо қилиш дурустдир.

Зокир ЗИЁДДИНОВ, Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги“Дарвеш бува” масжиди имом хатиби.

    Бошқа янгиликлар