Аввалроқ, Бош прокуратура маълумотларига таяниб, "Андижонда фермердан 10 000 АҚШ доллари ундирмоқчи бўлган “кадастр” ходими ушланди" сарлавҳали хабар берган эдик.
Ушбу ҳолатдан сўнг Андижон вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи М.Мадмусаев раислигида "Ермулккадастр" давлат корхонаси Хўжаобод тумани филиалида коррупцияга қарши курашиш масаласида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда жорий йилнинг 11 май куни бўлиб ўтган ҳолат танқидий муҳокама қилиниб, коррупцияга қарши курашиш бўйича ташкилотда етарлича назорат ўрнатилмаганлиги ҳамда соҳада олиб борилаётган ишлар қониқарсиз деб баҳоланиб, "Ермулккадастр" давлат корхонаси Хўжаобод тумани филиал раҳбари Ш.Абдурахмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шунингдек, вилоят "Ермулккадастр" давлат корхонаси раҳбари в.б. Д.Орзиевга бошқарма бошлиғининг тегишли буйруғи билан "Хайфсан" интизоми жазо чораси қўлланилди.
Бошқарма тизмидаги бўлим ва филиалларда ишловчи ходимлар иштирокида бошқарма ҳамда корхона юристконсультлари томонидан йиғилишлар ўтказилиб, коррупциянинг салбий оқибатлари ҳамда Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан қатъий жазо чоралари муқаррарлиги тўғрисида тегишли тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари олиб борилмоқда.