1

Президент топшириғи билан Россия-Қозоғистон чегарасида қолиб кетган 1100 нафар ҳамюртимиз Ўзбекистонга олиб келинади

ЖАМИЯТ 19.05.2020, 07:39
Президент топшириғи билан Россия-Қозоғистон чегарасида қолиб кетган 1100 нафар ҳамюртимиз Ўзбекистонга олиб келинади

Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасида тўпланган Ўзбекистон фуқароларини Ватанга олиб келиш масаласи ишлаб чиқилди. Бу ҳақда ТИВ хабар бермоқда. 

Мамлакатимизнинг Москва ва Остона шаҳарларидаги Элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги Бош консулхоналари томонидан «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти яқинида бўлиб турган ватандошларимиз рўйхати тузилди ҳамда ташкилий ва транспорт масалалари ҳал қилинди.

Ватанимизга мазкур рўйхатга киритилган жами 1100 нафар ҳамюртимиз олиб келинади. Хусусан, 2020 йил 18 май ва 19 май кунлари 550 нафардан ватандошимизнинг автобусларда Ўзбекистонга қараб йўлга чиқиши режалаштирилган. Улар етиб келишлари билан 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.

Ватандошларимизнинг Россия-Қозоғистон чегараси орқали Ўзбекистонга олиб келиш истисно тариқасида ва дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан аввалдан шакллантирилган рўйхат асосида амалга оширилмоқда. Қўшимча рўйхат тузиш кўзда тутилмаган.

Шу муносабат билан Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти ёки бошқа Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз.

Фуқароларимизни Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга олиб келишнинг қайта бошланиши тўғрисида қўшимча маълумот берилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1