1

Бўш ерга ишлов бериб, 1,40 гектарига пиёз эккан яккабоғлик фермернинг ҳосили “ҳайдаб” ташланди (видео)

ЖАМИЯТ 24.05.2020, 11:12
Бўш ерга ишлов бериб, 1,40 гектарига пиёз эккан яккабоғлик фермернинг ҳосили “ҳайдаб” ташланди (видео)

Ижтимоий тармоқларда "Яккабоғда нима сабабдан фермернинг пиёз экилган экин майдони “ҳайдаб” ташланди?" деган сарлавҳали видео тарқалди. Унда шу йилнинг 21 май куни соат 10.30 лар атрофида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Дархон МФЙ истиқомат қилувчи Муродулла Худойназаровнинг фермер хўжалигидаги тортишув акс этган. 

Маълум бўлишича, 2019 йил сентябрида бўш ердан (тахминан 60 сотих) унумли фойдаланиш мақсадида фермер экин экади. 2020 йил 21 май куни тегишли идоралардан келган айрим мутасадди ходимлар ҳеч қандай ёзма огоҳлантиришсиз  пишиб етилаётган ҳосил майдонини буздириб ташлашади ва пиёз йўқ қилинади.

Видео орқали мурожаат қилувчилар тегишли органлардан воқеа жойига келиб, жараённи ўрганиб, холисона ойдинлик киритишларини ва тегишли чора кўришларини сўрашган.

Ва ўз навбатида ушбу видео мурожаатга вилоят ИИБси муносабат билдирди.  Унда атилишича “Худойназаров Муродулла Бобомуродович” фермер хўжалигига туман ҳокимининг қарори билан 102,1 гектар ер майдони ажратиб берилган.  

Фермер жорий ҳосил йилида бошоқли дон етиштириш учун режага асосан 50,0 гектар ер ажратилган бўлсада, режа ўрнига 52 гектар жойга экган. Пахтачилик бўйича 37,9 гектар майдонда чигит экиш режалаштирилган бўлиб, аммо 35,8 гектарига чигит қадалиб, фермер томонидан белгиланган режага нисбатан 2,3 гектар жойга чигит экилмасдан, аксинча  Ер кодекси талабларини бузган ҳолатда, ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда 6,1 гектар майдонга беда ва 1,40 гектар майдонга пиёз экканлиги, 1,0 гектар ер майдони эса самарасиз бўш турган.   

 2020 йилнинг 21 май куни тегишли идораларнинг вакиллари фермер хўжалигига боришиб, ноқонуний экилган экинларни бузаётганларида фермер хўжалиги раиси Худойназаров Муродулла Бобомуродович ва унинг куёви қонуний талабларга бўйсунмасдан, уларга қаршилик кўрсатишни бошлашган.  

Врқеа жойида бўлган фуқаро Ф.М.Дагаров содир бўлаётган жараённи ўзининг қўл телефони ёрдамида видеотасвирга олиб, интернет ижтимоий тармоғига жойлаштирган.      

Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда, дейилади вилоят ИИБ муносабатида. 

Шундоқ ҳам карантинда қийналган аҳоли жабр бўлмаслиги керак эди деб ўйлаймиз. Тайёр ҳосилни "ҳайдаб"  ташлаш қанчалик инсофдан? Тасвирга олаётган фуқаронинг ҳақоратланганларга қонунга мувофиқ  қандай чора кўралади? Бу саволлар ҳозирча жавоб кутмоқда. 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1