АсосийJamiyat

Ўзбекистон қамоқхоналарида коронавирус тарқалганми?

'Ўзбекистон қамоқхоналарида коронавирус тарқалганми?'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси мутахассислари тавсияларидан келиб чиққан ҳолда жазони ижро этиш тизими муассасаларида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида кўрсатмалар ишлаб чиқилиб, ижро учун барча муассасаларга юборилди. Бу ҳақда юз.уз ёзмоқда.

Жазони ижро этиш муассасаларида фуқаролар ва жисмоний шахслар вакилларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилди. Ходимлар ва ҳарбий назоратчилар тиббий кўрикдан  ўтказилиши ҳамда муассасаларга кираётган барча шахсларни тиббий ниқобда юриши ташкиллаштирилди.

Муассасаларга кириш жойида ташкил этилган дезинфекция туннелининг доимий равишда ишлаш сифати назоратга олинган. Барча муассасаларда фумизатор ускунаси ёрдамида хлорактив моддаси билан ҳар куни икки маротаба, ётоқхона, ошхона, учрашув хонаси ва бошқа бинолар ҳар куни бир маротаба дезинфекция қилинаяпти.

Тергов ҳибсхоналарида сақланаётган суд органлари ихтиёрида бўлган шахсларнинг суд процессида иштироки видео-конференц алоқалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқди. Тизимдаги барча муассасаларда сақланаётган шахсларни тергов ва суд жараёнига олиб чиқилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан учрашувлари вақтинча тўхтатилди.

Йўқлов ва бандероллар қадоқланган ҳолда қабул қилиниб, зарарсизлантирилиб эгасига етказилмоқда. Тергов жараёни якунлангач, ҳибсхонага келтирилаётган шахслар, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб олиб келинган шхслар коронавирусга ўтказилган текширув натижаси асосида қаблу қилиниб, алоҳида хонада 14 кун карантинга олинаяпти.

Маҳкумларнинг тана ҳарорати мунтазам текширилади.  Улар орасида  ўткир респиратор касалликлар аниқланганда беморларни  бошқа маҳкумлардан ажратган ҳолда сақлаш учун алоҳида хоналарда (изолятор) 775 та карантин ўринлари ташкил этилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ўринбосари Ханс-Ульрих Им томонидан 2020 йилнинг 10 апрель куни инсонпарварлик ёрдами сифатида берилган 180 миллион сўмлик 15 турдаги турли тиббий воситалар Тошкент вилоятидаги 21-сон жазони ижро этиш колониясига ва 24-сон тарбия колониясига тарқатилди.

Жазони ижро этиш муассасаларида коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун патогенетик дори - дармон, ҳимоя (юз ниқоби) ва дезинфекция воситалари заҳирасини яратиш учун қўшимча 700 миллион сўм маблағ ажратилди.

Амалга оширилаётган ана шундай муҳим чора-тадбирлар натижасида ҳозирги кунга қадар жазони ижро этиш муассасаларида коронавирус инфекцияси  билан касалланганлар аниқланмади,   деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш бош бошқармаси ахборот хизмати.

    Бошқа янгиликлар