1

Қаршида неонатал инкубатор эрта туғилган етти нафар чақалоқнинг бехатар ўсишига ёрдам берди

ЖАМИЯТ 05.06.2020, 14:08
Қаршида неонатал инкубатор эрта туғилган етти нафар чақалоқнинг бехатар ўсишига ёрдам берди

Қаршидаги неонатологларнинг билим ва кўникмаларини оширишга Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси томонидан тақдим этилган замонавий неонатал инкубатор уч ойдан буён ёрдам бермоқда. Бу ҳақда Даракчи.уз га Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати хабар берди.

2 мартдан буён вилоят перинатал марказида ўрнатилган ушбу инновацион ускуна турли даражадаги эрта туғилиш ташхиси қўйилган етти нафар чақалоқнинг бехатар ўсиб олишига ёрдам берди. Ушбу ташаббус соғлиқни сақлаш соҳасининг, айниқса минтақалардаги мутахассислари томонидан илғор техника ва энг замонавий асбоб-ускуналарни мукаммал ўзлаштириб, амалиётга жорий қилишини кўзда тутувчи Миллий палатанинг кенг қамровли лойиҳасини амалга оширишдаги биринчи қадам бўлди. Шу билан бирга, турли хил ёндошувларни, жумладан неонатология бўлимида болалар ўлимини камайтириш учун муҳим омил бўлмишушбу жиҳозни бевосита қўллаш режалаштирилмоқда.

Лойиҳани амалга оширишда турли ҳамкорлар - клиникалар ва илмий-тадқиқот институтларидан тортиб сармоядорлар ва ишлаб чиқарувчиларгача иштирок этмоқда. Миллий палатанинг бу галги ҳамкори Тошкентда янги туғилган чақалоқларни боқиш учун Европа сифат стандартларига мувофиқ EcoLa 3000 инкубаторларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган «Medical Quality Service» компаниясидир. Муддатидан аввал туғилган чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолиш учун қулай ва хавфсиз микро муҳитни яратилиши керак. Ушбу вазифани инкубаторлар бажаради, улардан фойдаланган ҳолда янги туғилган чақалоқларнинг тана ҳароратини, чақалоқ атрофидаги керакли намлик ва кислород даражасини сақлаб туриш имкони мавжуд бўлади.

Компания раҳбари Видмантас Качкус ишчи учрашувда таъкидлашича, янги авлод ускуналари ички ҳароратни мустақил равишда созлаш, жумладан атроф-муҳит ва ўрнатилган ҳарорат ўртасидаги фарқни таққослаш ва мос равишда иситиш қувватини ўзгартиришда «инсон омилини» деярли йўқ қилади. Инкубаторнинг замонавий электрон қўшимчасиҳар бир қисмнинг ҳароратини назорат қилиш имконини беради, бу ҳароратни бошқариш тизимини янги даражага олиб чиқади. Ҳароратнинг ўзгарувчанлиги 0,2 °C гача камайтирилган, бу эса бугунги кун юту-и эканлигини амалиёт тасдиқлаб турибди.

Бироқ, техникани такомиллаштиришнинг ўзиетарли эмас, мутахассислар унинг имкониятларидан моҳирона фойдалана олишлари ҳам керак. Бу эса лойиҳанинг ҳар бир босқичидаги Миллий палатанинг танловини белгилайди - соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларига турли мамлакатларда қўлланиб келинган профессионал билим ва кўникмаларнинг навбатдаги босқичини ўзлаштириш учун шароит яратиш. Туғишга кўмаклашиш ва янги туғилган чақалоқлар парвариши соҳасида бу алоҳида муҳимдир.

«Неонатологларнинг замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланишдаги профессионаллиги натижаси, биринчи навбатда, болаларнинг сақлаб қолинган ҳаёти ва соғлиғи мисолида яққол кўзга ташланмоқда, буни бўрттирилган дея баҳолаш мумкин эмас. Мамлакат раҳбарияти ва фуқаролари томонидан бу соҳагаҳамиша алоҳида эътибор қаратиб келинган», - деди Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раиси Ровшан Изамов лойиҳа ҳамкорлари билан учрашувда.

Лойиҳа синов тариқасидаҚашқадарё вилоятида бошланди, чунки маҳаллий тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш Миллий палатанинг устувор йўналишларидан биридир. Ҳар бир вилоятда лойиҳаларни ўз ҳудудида амалга оширилишини назорат қилувчи ҳудудий бўлинмалар мавжуд. Хусусан, Қаршида инкубатордан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар Миллий палатанинг ҳудудий бўлинмаси директори Шоира Набиева томонидан таҳлил қилиб борилади. Таҳлилларга кўра, инкубатор ёрдам берган еттита чақалоқдан учтаси 3-даражали чала туғилганлик ташхиси билан олиб келинган ва ҳар бир бундай ҳолат боланинг яшаб қолиши учун катта хавф туғдиради.

Зулфизар Ражабованинг янги туғилган ўғли мазкур ташхис билан 31 мартдан 14 апрелгача – 15 кун давомида ушбу инкубаторда парваришланди. Чақалоқ 970 грамм вазнда ва 34 сантиметр узунликда туғилган эди. Сўнгра уни янги туғилган чақалоқлар патологияси бўлимига ўтказилди ҳамда 17 апрел куни у 1 кг 450 гр оғирликдақониқарли ҳолатда ўз уйига жавоб берилди. Бундан ташқари, бу каби болалар яшаш жойида шифокорлар назоратига олинган. Уч ойлик фаолияти давомида замонавий инкубатор Наргиза Қодированинг май ойида дунёга келган эгизак қизларига ҳам ёрдам берди. Кичкинтойлардан бирига иккинчи даражали, иккинчисида - биринчи даражали чала туғилганлик ташхиси қўйилган.

Замонавий ускуналар, шубҳасиз, катта имкониятлар бермоқда. Бироқ, янги авлод тиббий ускуналари қанчалик мукаммал бўлмасин, у фақат унинг барча афзалликларидан қандай фойдаланишни тушунадиган мутахассислар қўлидагина муваффақиятли ишлайди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатасининг лойиҳаси ана шундай профессионалликни оширишга қаратилган. Замонавий инкубаторнинг афзалликлари Қашқадарё вилоят перинатал маркази неонатал реанимация бўлими бошлиғи, неонатолог Радҳа Қурбонова бошчилигида мутахассислар томонидан амалда баҳоланмоқда.

«Муддатидан эрта туғилган болаларда учта асосий муаммо мавжуд: иссиқликни ушлаб туриш қобилияти етишмовчилиги, овқатланиш билан боғлиқ муаммолар, касалликлар, айниқса инфекциялар юқтириб олишнинг юқори хавфи, - дейди у. – Муддатидан аввал туғиш натижасида туғилган, вазни кам ва тана тизимларининг номукаммаллиги бўлган болалар чала туғилган деб ҳисобланади. Тана вазни 500 г дан ортиқ бўлган ва 22 хафталик ҳомиладорликдан ўтган бундай чақалоқлар ўз вақтида перинатал ўлимни камайтириш имконияти мавжуд бўлган тиббий назорат остида бўлиши, инкубаторда ётиши ва махсус парвариш остида бўлиши зарур».

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1