1

Ўзбек олимлари гриппга қарши препарат яратди

ЖАМИЯТ 30.09.2015, 14:17
Ўзбек олимлари гриппга қарши препарат яратди

Ўзбекистон Фанлар академияси илмий муассасаларида илм-фан соҳасини ривожлантириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва инновацион маҳсулотлар яратиш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда, дея хабар беради ЎзА. ЎзФАнинг Биоорганик кимё институти мутахассислари томонидан ўткир вирусли касалликларга қарши «рутан» номли янги таблетка яратилиб, етакчи клиникаларда муваффақиятли синовдан ўтказилди. 

– Грипп ўткир ва тез юқадиган касаллик бўлиб, уни жуда майда, кўзга кўринмайдиган, ҳатто фильтрдан ҳам ўтиб кетадиган вируслар келтириб чиқаради, – дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Республика грипп миллий маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Равшан Раҳимов. – Вирусларнинг А, В, С турлари маълум. Бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда ҳавога кўплаб вирусларни ажратади. Улар ҳавода уч соатгача сақланиб туриши мумкин. Бундай ҳаводан нафас олган одамга грипп юқади. Микроб оғиз, бурун, томоқ ва юқори нафас йўллари шиллиқ пардасига таъсир қилади ва қон оқимига тушиб, бутун организмни заҳарлайди. 
Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон организми вирусга қарши аввало интерферонлар ишлаб чиқиш орқали курашади. Аммо организмда кўпинча аксарият касалликларни енгиш учун ушбу модда етарлича бўлмайди. Бундай пайтда интерферон ишлаб чиқишни тезлаштириш ёки уни эндоген маҳсулот сифатида танага юбориш зарур. Интерферон туридаги препаратлар айнан ушбу мақсадларга қаратилган. 
Ўзбек олимлари (Ш.Солиҳов, Н.Абдуллажонова, С.Мавлонов, А.Тўраев) яратган «рутан» препарати таъсирида организмда интерферонлар ҳосил бўлади ва улар вирусга қарши курашади. Мазкур таблетка олти ёшдан ошган болалар ва катталарга грипп ҳамда ўткир вирусли респиратор касалликларнинг олдини олиш, даволаш мақсадида тавсия этилади. Профилактика учун препаратни инфекция кенг тарқалган вақтда, хусусан, беморлар билан мулоқотдан сўнг қўллаш ҳам мумкин. Мазкур дори воситаси Тошкент тиббиёт академияси, Тошкентдаги 1-шаҳар шифохонасида синовдан муваффақиятли ўтказилгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бошқармаси томонидан амалиётда қўлланилиши учун рухсат берилди. 
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институти ходимлари сўнгги ўттиз йил мобайнида Россия Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Вирусология институти, Республика патологоанатомия маркази ва бошқа илмий муассасалар олимлари билан ҳамкорликда вирусга қарши фаолликка эга дори воситаларини яратиш ва ишлаб чиқариш бўйича тадқиқотлар олиб борди. 
Марказий Осиёда ўсадиган ғўза (госипол ва унинг ҳосили), тотум, грани, анор, зубтурум каби ўсимликлардан ажратилган 100 дан ортиқ бирикмалар скрининги натижасида юқори даражада вирусга қарши фаолликка эга бирикмалар аниқланди. 
Ушбу моддаларнинг аксарияти қатор янги дори воситалари, жумладан, “рутан”, “гетасан” каби препаратларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Мазкур дори воситалари клиник тажрибадан тўлиқ ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси патенти билан ҳимояланди ва мамлакатимиздаги фармацевтик корхоналар томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Беморларни медикаментоз даволаш амалиётида ушбу дорилардан кенг фойдаланилмоқда. 
Дастлаб тотум ўсимлиги тери ошлаш экстрактларини олиш учун фойдаланиладиган хомашё сифатида экила бошланган бўлса, кейинчалик тотум полифеноли кенг биологик фаоллиги аниқланди. 
– Олимларимизнинг узоқ йиллик тажрибаси мамлакатимиз қир-адирларида ўсадиган тотум ўсимлиги вирусга қарши самарали восита эканини кўрсатди, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти директори Аббосхон Тўраев. – Ушбу ўсимликни кўпайтириш ва маданийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 24 апрелдаги қарорига асосан Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида сумах, яъни тотум ўсимлигини етиштиришга ихтисослашган махсус фермер хўжалиги ташкил этилиб, 500 гектар ерга синов учун мазкур ўсимлик экилди. Унинг баргларидан илк бор мамлакатимизда “рутан” номи билан гриппга қарши таблетка яратилди. Дори гриппнинг А-H3N2, H1N1 ва B(01), (03) группа штаммларига нисбатан самарали таъсирга эга. Бундан ташқари, унинг таркибидаги полифенол бирикмалар ниҳоятда кучли интерферон индуктори ҳисобланиб, организмдаги вирусларга қарши курашиш баробарида иммунитетни ошириш хусусиятига ҳам эга. Энг муҳими, табиий ўтдан тайёрлангани учун дорининг организмга зарарли таъсири йўқ. Тиббиёт тилида айтганда, ҳеч қандай токсик хусусияти йўқ,кулумятив таъсир кўрсатмайди, периферик қон катталиклари, буйрак ва жигарнинг ишлаш функцияси, тўқима ва органлар патоморфологиясига салбий таъсири аниқланмади. 
Маълумки, грипп иммунитети паст, сурункали касалликлар билан хасталанганлар, кекса ёшдагилар, ҳомиладор аёллар ва болаларда оғирроқ кечиши мумкин. Шу боис бундай хасталик ўз вақтида аниқланиб даволанса, гриппдан кейинги асоратларнинг олдини олган бўламиз. Грипп эпидемиологияси, клиник хусусиятлари, олдини олиш ва даволашда қўлланиладиган препаратларнинг шифобахшлигини ўрганиш бу борада муҳим омил саналади. 
– Мамлакатимизда октябрь ойидан гриппга қарши эмлаш бошланади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Вирусология институти бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова. – Ҳар йили вакцина хориждан келтирилади ва гриппнинг муайян вирусига қарши тайёрланади. Агар айнан ўша инфекция организмга хавф солса, олинган эмлаш самара беради. Биоорганик кимё институти томонидан тайёрланиб, синов учун клиникамизга юборилган «рутан» дори воситаси эса табиийлиги билан аҳамиятлидир. Тадқиқотлар мазкур препарат ҳеч қандай маҳаллий қўзғатувчи, аллергик ва бошқа таъсирларга эга эмаслигини кўрсатди. 
«Рутан» организмдаги вирусга қарши курашиш баробарида иммунитет таёқчаларига зарар етказмайди, аксинча уни курашувчанликка чорлайди. Агар бемор шамоллаш ёки грипп бўлишини сезаётган бўлса, унинг бир курси касалликни олдини олади ёки енгиллик билан уни тўхтатади. Сўнгги изланишлар шуни кўрсатмоқдаки, “рутан” интерферон синтезини кучайтиришидан ташқари яллиғланишга қарши курашиш хусусиятига ҳам эга. 
Ҳозирги пайтда олимлар томонидан ушбу дори воситасининг нафақат грипп (барча тегишли ҳужжатлар олиниб, сотувга чиқарилган), балки бошқа вирус турларига қарши (гепатит, кўз вируслари ва бошқалар) шакллари ўрганилмоқда. 
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1