Ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходимларининг фаолиятига оид турли видеолавҳалар тарқатилиши сўнгги йилларда қўштирноқ ичидаги "анъана"га айланди. Бунинг сабаби эса айрим ходимларнинг ўз вазифасини сидқидилдан бажармаслиги, баъзи ҳолатларда ҳайдовчилар жавобгарликдан қочиш мақсадида инспекторга босим ўтказишга ҳаракат қилиши ва бошқа шу каби вазиятларнинг мавжудлигидир.
Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаб турган давлат хизматчиларининг фаолиятини ҳажвия қилиш, коса тагида ним коса тарзида коррупцияда айблаш ҳолати "Шўрданак" ҳажвий кўрсатувида ҳам кузатилди. Бу ҳақда актёр Эркин Чўлиев шундай деди:
–ЙПХ ходимлари ҳақида биз илгари ҳам яхши кўрсатувлар олганмиз. Лекин шу сафар озгина хато ва камчиликларга йўл қўйдик. Бу ҳам қайсидир маънода шу касб эгалари ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслигимиз бизга панд берди. Юртимизнинг бошига келган шундай синовли кунларда бу касб эгаларининг ўрни, қилган хизматлари жудаям сезилди. Биз карантинда уйда ўтирганимизда улар кечани кеча, кундузни кундуз демай, хизматда бўлишди. Нафақат ўзим, ижодий гуруҳ номидан шуни айтаманки, бундан кейинги ижодий ишларимизда нафақат ички ишлар ходимларининг, қайсики соҳа бўлса, шифокорлар бўладими ёки бошқа соҳа вакилларими, улар ҳақида дастур қиладиган бўлсак, кўрсатувнинг маънавий, тарбиявий томонига эътибор берган ҳолда тайёрлаймиз, деб ваъда берамиз. Юқоридаги хатолик учун афсусдамиз, пушаймондамиз...






