Аввалроқ "Шўрданак" ва "Қалпоқ" ҳажвий гуруҳи аъзолари ЙҲХБ ходимлари ҳақида тайёрлаган юмористик кўрсатувларидаги ҳазиллари учун кечирим сўрашгани ҳақида хабар қилинганди.
Актёр Эркин Чўлиев "кўрсатувни тайёрлаш хатолик бўлгани, энди афсусда эканини" билдирганди.
Маълумотларга кўра, мазкур кўрсатув бундан бир йил олдин тайёрланган. Ижтимоий тармоқларда 30 дақиқалик ҳажвий дастурнинг бир қисми кесиб олиниб, номаълум шахслар томонидан тарқатилмоқда. Ижодий гуруҳнинг бунга алоқаси йўқ.
Ҳозирда ҳам ушбу видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиняпти. Депутатлар ҳам ўз муносабатини билдира бошлашди. Жумладан, Қонунчилик палатаси депутати, "Адолат" партияси фракцияси аъзоси Акмал Бурхановнинг фикрича, маданият ва санъат соҳасига сиёсий жиҳатдан ёндашилмаслик керак:
"Бугун ижтимоий тармоқларда ИИВ томонидан тайёрланган бир неча видеолар тарқала бошлади. Унда ички ишлар идоралари ходимларининг образи ҳажв қилингани учун ролик муаллифлари узр сўраганлар.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ички ишлар органлари ходимлари томонидан юртимиз осойишталиги, фуқароларимиз тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Шундай бўлсада, эркин ва демократик жамият қуриш йўлидан бораётган юртимизда ижод эркинлигини таъминлаш, маданият ва санъат соҳасига сиёсий жиҳатдан ёндашилмаслиги керак, деб ҳисоблайман.
Эътиборлиси, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида "Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракцияларида муҳокама қилинмоқда. Юқоридаги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, янги таҳрирдаги қонун билан маданият ва санъат соҳаси вакилларини эркин ижод қилишлари учун шароит яратилиши, уларнинг фаолияти қўллаб-қувватланиши муҳим".






