1

"Санъат ва ижодни чегараламаслик керак!" Маданият вазирлиги "Шўрдонак"чиларни узр сўраттириб чиқилганига эътироз билдирди

МАДАНИЯТ 09.06.2020, 18:10
"Санъат ва ижодни чегараламаслик керак!" Маданият вазирлиги "Шўрдонак"чиларни узр сўраттириб чиқилганига эътироз билдирди

Аввалроқ, ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати томонидан "Ҳазилнинг таги "зил" бўлмасин" деб номланган видео тарқалди.Унда, "Шўрданак" ва “Қалпоқ” ҳажвий гуруҳларининг ИИВ ходимлари ҳақида қилинган юмористик роликлар учун кечирим сўрагани акс этгани оммалашмоқда, шу билан бирга маданият вазирига ҳам фейсбук ижтимоий тармоғи орқали “Сўз усталари худди ёмон иш қилиб қўйгандек, бошини ҳам қилиб узр сўраяпти. Агар кимнидир шахсиятига тегишган бўлса, ИИВ судга берсин. Улар ўз ишини қилган! Юмор қилди, кулдирди. Энди, врачлар, ўқитувчилар, тракторчилар чиқадими, "биз ҳақимизда аския қилманг!". "Вазирлик комиссия тузиб ўргансин. Ахир ҳар икки саҳна асари бадиий тўқимаку? Хулосасини ИИВга берсин! Маданият вазиридан жўяли жавоб кутамиз” каби мурожаатлар Маданият вазирига очиқ йўлланди.

Маданият вазирлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, вазирлик вазият юзасидан "Шўрданак" ҳажвия гуруҳининг вакили билан суҳбатда бўлганида, бу масала юзасидан фикр билдиришни улар истамади.  

Шу билан бирга, Маданият вазирлиги ҳажвия, сатира, аския борасида санъат ва ижодни чегараламасликни маъқуллайди. Йиллар давомида ҳажвия орқали жамиятдаги муаммо ва иллатларни йўқ қилишга қаратилган, бу йўл орқали турли соҳа йўналишларини ислоҳ қилишга ҳам кўмаклашилган. Бу худди журналист ва блогерларнинг бир муаммони олиб чиқиб, уни ҳал этилишига қаратилган мавзуларга ўхшайди. Шундай экан, унда нима учун бу ҳазиллар ўринли қабул қилинмайди-, деган саволлар ҳам йўқ эмас.  

Агар хажвия бирон бир шахсга тегишли бўлиб, уни камситилишига қаратилган бўлса, Маданият вазирлиги бундай ижодларни қўллаб-қувватламайди. Зеро, ҳох хажвия, ҳох драма, аския ҳамда сатира орқали жамиятдаги иллатларни даъволашга қаратилган мавзулар ёки воқеалар намоён этилса, уни ҳеч нарса билан йўқ қилиб бўлмайди.  

Тарихга бир назар солсак, ўзбек ҳажвий адабиёти сермазмун тарихга эгадир. Ҳажв, сатира-воқеликни акс эттиришнинг алоҳида ғоявий-бадиий принципи сифатида барча цивилизациялашган халқлар адабиёти, шу жумладан ўзбек халқининг ҳам оғзаки ва ёзма ижодларида қадимдан катта ўрин олиб келган. Ижтимоий иллатларнинг кулгили танқиди бўлган сатира ўзбек халқ ижодида ҳам кенг тарқалган эди. Насриддин афанди, Алдар кўса каби тўқима образлар ҳажвий, миллий қаҳрамонлар ўз замонасининг иллатларини халқ орасида аскиялар ва хажвиялар билан намойиш этишган. Қадимдан халқни ичида ҳажвия, сатира, аския каби юмористик ижодлар кенг тарқалиб, оммалашган.  

Хуллас, маданият ва санъат соҳасида чекловлар қўйилса, у ҳеч қачон ривожланмайди, дейилади вазирлик муносабатида.  

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1