Тошкент шаҳридаги “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети федерал давлат автоном ОТМ филиалида қабул бошланди. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар берди.
“Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали 2020/2021 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Энг юқори балларни тўплаган 100 нафар абитуриент тўлиқ давлат гранти асосида ўқишга кириш имкониятига эга бўлади.
Ҳужжатларни онлайн режимида қабул қилиш 15 июндан 2 июлга қадар давом этади.
Бу йил ҳужжатлар бакалавриатнинг ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси ҳамда иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси йўналишлари бўйича қабул қилинади.
Aбитуриентлар жорий йилнинг 15 июлигача бўлган вақтда математика, физика ва рус тили фанларидан имтиҳон топширади.
Имтиҳон натижалари 15 июл куни эълон қилинади.