Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 9 июнь куни миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари янгича ёндашув ва инструментларни қўллаш орқали жорий йил иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлаш учун барча имкониятлар борлигини таъкидлаб, шу борадаги 8 та асосий йўналишни кўрсатиб ўтди.
Биринчи – иқтисодиёт ва бюджет барқарорлигини таъминлаш;
иккинчи – камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш;
учинчи – банк тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштириш;
тўртинчи – тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш;
бешинчи – экспорт салоҳиятини ошириш ва валюта тушумларини таъминлаш;
олтинчи – саноатда рақобатбардошликни кучайтириш;
еттинчи – кичик бизнесни ривожлантириш;
саккизинчи – рақамли технологияларни барча тармоқларда кенг жорий қилиш устувор вазифалар этиб белгиланди.
Давлатимиз раҳбари Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқларга вазирлик ва идораларни бириктириб, муҳтожларга кўмаклашиш тизимини яратиш, оилавий тадбиркорлик ва томорқачиликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди. Давлат гранти ҳисобига таҳсил олган талабаларни 3 йил муддатга шундай ҳудудларга меҳнат фаолияти учун йўналтириш таклифи билдирилди.






