2020/2021 ўқув йилида Тошкент давлат юридик университети магистратурасига кириш имтиҳонларини янгича тартибда ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра Тошкент давлат юридик университети магистратурасига Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
Тошкент давлат юридик университети магистратурасига хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
Тошкент давлат юридик университети магистратурасига айрим тоифадаги абитуриентларни кириш тест синовларисиз қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидагилар инобатга олинади:
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун:
таълим шакли – кундузги, масофавий;
кириш имтиҳони шакли – тест синовлари;
тест синовлари бўлиб ўтадиган муддат – 5-25 август оралиғида;
тест синовлари ўтказиладиган тил – ўзбек ва рус тиллари;
тест топшириладиган фанлар – мутахассислик фанлари ва чет тили;
қабул параметрлари бўйича ўқитиш кўриниши – тўлов-контракт ёки табақалаштирилган тўлов-контракт.
Хорижий давлат фуқаролари учун:
таълим шакли – кундузги, масофавий;
кириш имтиҳони шакли – суҳбат;
суҳбат бўлиб ўтадиган муддат – 1-25 август оралиғида;
суҳбат ўтказиладиган тил – ўзбек, рус ва инглиз тиллари;
қабул параметрлари бўйича ўқитиш кўриниши – тўлов-контракт.