Президентимизнинг 2020 йил 27 апрелдаги ПФ-5986-сон Фармонига мувофиқ, 2020 йил май ойидан бошлаб ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўловини тўғридан-тўғри Пенсия жамғармаси орқали амалга ошириш тизими жорий қилинди. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратининг нашримизга маълум қилишича, 162 мингдан ортиқ пенсионерларга пенсия тўловлари ойма-ой амалга оширилиб, ҳар ойда 28 мингдан ортиқ корхонава ташкилотларнинг талабномаларни Пенсия жамғармасига тақдим этиш ва пенсионерга тўлаб бериш билан боғлиқ оворагарчиликлари бартараф этилди. Бу тизим ишловчи пенсионерларга ҳар ойнинг ўзидаёқ пенсия тўловини олиш имкониятини беради. Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 23 майида қабул қилинган “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори (327-сон) ҳам аҳолининг ижтимоий муҳофазаси учун яна бир қатор қулайликларни тақдим этади. Бу ҳақда батафсил тушунтириш олиш учун Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати бўлим бошлиғи ўринбосари Фаррух СУЛАЙМОНОВга мурожаат қилдик.
— Қарор билан қуйидаги маъмурий регламентлар тасдиқланди:
► фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа;
► дафн маросими учун нафақа;
► пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжудлиги ҳақида маълумотнома бериш;
► пенсия ва нафақа миқдори тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хиз- матлари кўрсатиш.
Мазкур қарорга мувофиқ, жорий йилнинг июнидан бошлаб, фуқаролар бола туғилганда (суюнчи) ва дафн маросими учун нафақаларини олиш учун Пенсия жамғармаси ёки иш жойига мурожаат қилмай, туғилганлик ёки вафот этганлик ҳолатини Давлат хизматлари марказлари (ФҲДЁ)да рўйхатдан ўтказиш жараёнида бирйўла ариза бериш тизими жорий қилинади.
Натижада ҳар йили ўртача 800900 минг нафар фуқаронинг Пенсия жамғармасига ёки иш жойига мурожаат қилиш билан боғлиқ оворагарчиликлари бартараф этилади.
СУЮНЧИ ПУЛИ ВА ДАФН НАФАҚАСИ ТЎЛОВИДАЯНГИ ТАРТИБ
Ушбу қарор талабларига мувофиқ, барча ишловчи ва ишламайдиган фуқаролар суюнчи ва дафн маросими учун нафақаларни олиш учун Давлат хизматлари марказларига келган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон шаклда мурожаат қилади.
Бунда фуқаролар суюнчи ва дафн нафақасини олиш учун ўзларига қулай бўлган Халқ банки филиалини танлаган ҳолда, нафақаларни ушбу филиал орқали олиш имкониятига эга бўлади.
ҚАЧОНДАН АМАЛДА БЎЛАДИ?
Амалдаги тартиб бўйичакорхона ва ташкилотлар жорий ой учун нафақа ва бошқа тўловларни қоплашга талабномаларни Пен- сия жамғармасига кейинги ойнинг 10санасига қадар тақдим этади.
Яъни, 2020 йил 10 июнь санасига қадар корхона ва ташкилотлар май ойи учун суюнчи ва дафн маросими нафақалари тўловига талабномаларни Пенсия жамғармасига тақдим этади.
2020 йилнинг 1 июнига қадар бола туғилганда бериладиган суюнчи пули ёки дафн маросими нафақаси учун Пенсия жамғармаси ёки иш жойига мурожаат қилишга улгурмаган фуқаролар нафақаларни тайинлаш учун Давлат хизматларига келган ҳолда ёки ЯИДХП портали орқали электрон шаклда мурожаат қиладилар. Бунда
► Бола туғилганда суюнчи нафақасини тайинлаш учун бола туғилгандан бошлаб 6 ой муддатда;
► дафн маросими учун нафақа тайинлашга фуқаро вафот этгандан бошлаб 60 кун муддатда мурожаат қилиш лозим.
Ишловчи фуқаролар суюнчи ва яқинларининг дафн нафақасини олиш учун иш жойига ҳам мурожаат қилишлари мумкин.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади






