АсосийЖАМИЯТ

ИИВ малака ошириш институтида тингловчилар масофадан ўқитилмоқда

Бугунги кунда дунёнинг деярли барча давлатларида ҳукм сураётган COVID-19 пандемияси даврид...

'ИИВ малака ошириш институтида тингловчилар масофадан ўқитилмоқда'ning rasmi

Бугунги кунда дунёнинг деярли барча давлатларида ҳукм сураётган COVID-19 пандемияси даврида коронавируснинг олдини олиш учун юзма-юз алоқани маълум миқдорда чеклаш мақсадида республикамизда иш ва таълим тизимида янги усуллар жорий қилинди. Жумладан, ИИВ Малака ошириш институтида ҳам виртуал дарсларни ўтказиш йўлга қўйилиб, айни кунларда тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда. 
Энг муҳими, ушбу вазиятнинг таълимда ҳам афзаллик тарафлари ҳам кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида вазирлик Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан қисқа давр мобайнида ўқув жараёнида замонавий ахборот технологиялари воситаларини қўллаган ҳолда масофадан ўқитиш тизими жорий этилди. 

Жумладан, яқинда Институтда жорий этилган онлайн ва оффлайн ўқитиш платформаси ёрдамида ходимлар масофадан туриб, ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда таълим олиш имкониятига эга бўлди. Тингловчиларни масофадан ўқитиш он-лайн (видео маърузалар, маслаҳатлар, назорат турларини масофадан туриб реал вақт режимида ўтказиш) ва офф-лайн (масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) шаклида амалга ошириш тартиби татбиқ этилди.

Ўқув жараёни “модуль тизими” асосида ташкил этилиб, уни ягона мақсадга йўналтирган ҳолда лойиҳалаштириш ҳамда кафолатланган натижаларга эришишга қаратилган. Барча ўқув машғулотлари амалий йўналтирилиб, интерфаол методлар ва замонавий инновацион педагогик технологияларни кенг татбиқ ҳолда ўтказилмоқда.

– Дарҳақиқат, масофавий таълим инсоннинг мустақил фикрлаш, ҳолатни баҳолаш, хулоса ва башорат қилиш қобилиятларини ривожлантиради, – дейди Институт Ахборот-коммуникация технологиялари кафедраси катта ўқитувчиси Умиджон Ҳамроқулов. – Масофавий таълимнинг яна бир афзаллиги шундаки, унда тингловчи ўзига қулай вақтда ва ҳаттоки ишдан ажралмаган ҳолда билим олиши мумкин. Айнан ушбу афзалликлар туфайли ушбу тизим ҳозирги кунда дунёда кeнг тарқалган. Кўпгина йирик корхоналар мутахассислари малакасини ошириш ёки ўзгартириш учун шу услубдан фойдаланилиб, йилига миллионлаб пул маблағлари тeжалмоқда.

Жорий этилган онлайн ва оффлайн ўқитишни ташкил қилиш учун мўлжалланган платформада барча зарур элементлар яратилган. Хусусан, маъруза, видеодарс, тест, топшириқ, сўровнома, тескари алоқа ва вебинар кабилар шулар жумласидандир. Шунингдек, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида платформани ижтимоий тармоқлар билан интеграцияси ҳам амалга оширилди.

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан ўқув курсларининг ўқув дастури, машғулотларни тасвирга олиш жадвали, маърузалар матни, ҳар бир мавзу бўйича тест ва ўқув режаси ишлаб чиқилиб, ўқув жараёнига татбиқ этилган.

Интерактив таълим бериш, масофавий ўқитиш платформаларининг самарадорлиги, электрон ўқитиш материалларини шакллантириш, ўқув циклининг вазифалари ва дизайни ишлаб чиқилди. Тушуниш ва эслаб қолиш даражасини оширишга йўналтирилган технологиялар қўлланилиб, самарали тақдимот, жумладан видео тақдимот яратиш учун зарур бўлган методик ва дастурий таъминот танлаб олинди.

Айни кунларда Институт профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган материаллар асосида ҳудудий ички ишлар органларининг ташкилий бўлимлари инспекторларини масофадан ўқитиш курслари ўтказилмоқда ва ходимлар оффлайн усулида масофадан туриб ўқитилмоқда. Тингловчилар ўзига берилган логин ва парол ёрдамида Институтнинг расмий веб-сайти орқали тизимда шахсий кабинетга ҳамда тизимдаги электрон ресурслардан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.

Ўқув жараёни 4 та модуль асосида бир ой муддатга мўлжалланган бўлиб, тингловчилар реал вақт режимида масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштирмоқдалар. 

Бунда тингловчи даставвал курсни бошлаш учун кириш тестини топшириш тизими йўлга қўйилган, мавзуларни ўзлаштириб боришлари учун машқлар, тестлар ва бошқа топшириқлар берилган. 

– Масофавий таълим тингловчи ҳамда ўқитувчиларнинг масофадан туриб интeрфаол мулоқот қилиш имконини беради,
– дейди Институтнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги филиали масъул ходими, подполковник Сапарбой Алламберганов. – Эндиликда ўқув жараёнлари замонавий ахборот ва педагогик технологиялар ёрдамида масофадан туриб амалга ошириляпти. 

– Бугунги кунда ижтимоий ҳаёт шиддат билан тараққий этмоқда. Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари каби ички ишлар идоралари тизимида ҳам ходимларнинг билимларини оширишда илғор инновацион ахборот технологиялардан самарали фойдаланиш бугунги куннинг талабига айланди, – дейди Наманган шаҳар ИИОФМБ Ташкилий-таҳлил бўлими инспектори Азизбек Сулаймонов. – Бу эса зиммамизга юксак маъсулиятни юклайди. Масофадан ўқитишнинг афзаллиги шундаки, энди ходим ўзига қулай вақтда ва хаттоки ишдан ажралмаган ҳолда ўқийди. Мен ҳам ўзимга қулай вақтда курс материалларини ўзлаштираяпман. Қолаверса, сарф-харажатлар ҳам қисқарди.

Хулоса қилиб айтганда, таълим тизимида замонавий инновацион технологияларни қўллаш ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий самара беради. Шу боисдан назарий ва услубий асосларни ривожлантириб бориш ҳамда зарур чора-тадбирларни самарали амалга ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Бу борада ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан масофадан ўқитиш тизимининг ташкил этилиши нафақат ходимларни, балки раҳбарларни ҳам хизматдан ажратмаган ҳолда малака оширишларини, амалиётдаги янгилик ва илғор тажрибаларни тезкорлик билан етказиш имкониятини яратади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар