Барча тоифадаги давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Бу ҳақда жорий йилнинг 22 майидан 6 июнигача Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталидаги “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида айтилган.
Адлия вазирлигининг сайтида таъкидлашича, ушбу лойиҳа муҳокамага қўйилгач порталга қарийб 220 та таклиф ва изоҳ келиб тушган ва қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқларда катта резонанс уйғотган.
Қайд этилишича, мансабдор шахслар ва уларнинг оила аъзолари томонидан хорижий давлатлар банкларида ҳисоб рақами очиш, хорижда қимматбаҳо буюмлар сақлаш ва кўчмас мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи билан боғлиқ масалаларни қўшимча равишда ўрганилади.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиққанларнинг тушунтиришларича, лойиҳанинг 3-моддасида ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари ҳамда судьялардан ташқари барча Ўзбекистон Республикаси давлат фуқаролик хизматчиларига тадбиқ этилиши белгилаб қўйилган. Дунё тажрибасига кўра, юқорида санаб ўтилган мансабдор шахслар фуқаролик хизматчиларига эмас, сиёсий хизматчилар тоифасига киради.






