АЧИНАРЛИСИ, БУНДАЙ НОҚОНУНИЙ ҲОЛАТЛАРНИНГ АСОСИЙ ИШТИРОКЧИСИ ПРЕЗИДЕНТ ИШОНЧ БИЛДИРАЁТГАН ТАДБИРКОРЛАР...
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганидан барча, хусусан тадбиркорларнинг хабари бор. Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистонда сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинди.
“Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Қолаверса, Президентимиз топшириғига кўра, тадбиркорлик муҳити ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ойма-ой таҳлил ва хулоса қилиб борилиши, Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ҳуқуқи ва мулк дахлсизлигини бузган туман ва шаҳар ҳокимлари тўғрисида ҳукуматга маълумот киритиши белгиланди. Вазирлар Маҳкамаси тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган, улар билан етарли даражада ишламаган шаҳар ва туман ҳокимларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиши ҳам айтилди. Аммо тадбиркорларнинг ҳаммаси ҳам ана шундай қўллаб-қувватлов ва имтиёзларни тўғри тушунаётгани йўқ ва керак бўлса, давлат мулкига хиёнат қилиб ўз манфаатини устун қўяётганлар ҳам топиляпти... Қуйида келтирилаётган воқеа тафсилотлари бунга яққол мисол бўла олади.
Юртимиздаги пандемия ва карантин шароитида табиий газдан оқилона фойдаланилиши лозимлиги юзасидан истеъмолчилар, айниқса табиий газдан фойдаланишга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари билан бевосита тўғридан-тўғри мулоқот ўтказилиб, ҳатто улардан тилхатлар ҳам олиниб келинаётган бўлса-да, қинғир ишга қўл урадиган “тадбиркорлар” ҳам топилмоқда. Жорий йилнинг 2 май куни Бюронинг Қувасой шаҳар бўлими тезкор ходимлари томонидан тунги рейд тадбирларида тадбиркорлар давлат мулкидан ўғринча фойдалангани фош бўлди.
“24 МЛН. 195,0 МИНГ СЎМ ЗАРАР ЕТКАЗГАН”
Фаррух ТОШПЎЛАТОВ, Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати раҳбари:
— Текширув ўтказиш жараёнида Қувасой шаҳар Боғбон қишлоғида жойлашган оҳак ишлаб чиқариш цехи кўздан кечирилди. Корхона раҳбари И.Д. ўзини ғалати тутиб, гўёки ҳаммаси жойида эканини тушунтиришга уриниши шубҳа уйғотди. Шунда тадбирга жалб қилинган мутахассислар томонидан табиий газ ҳисоблагич ускунаси текширилди. Унинг механик қисмига яширин равишда сим орқали ташқи таъсир кўрсатилиб, ҳисоблагич тўхтатиб қўйилгани ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, мутахассислар томонидан қилинган ҳисоб-китобларга кўра “тадбиркор” Қувасой шаҳар газ таъминоти корхонаси манфаатларига 24 млн. 195,0 минг сўм моддий зарар етказгани аниқланди. 2020 йил 12 майда ушбу зарар тўлиқ қопланди.
МУТЛАҚО “БЕПУЛ” ИСТЕЪМОЛ ОҚИБАТИ
— Шунингдек, Бюронинг Фарғона вилоят бошқармаси ва Қувасой шаҳар бўлими тезкор ходимлари томонидан 2020 йил 7 май куни тунги вақтда тадбир ўтказилди. Қувасой шаҳар Дўстлик қишлоғида жойлашган ғишт ишлаб чиқариш заводида табиий газдан фойдаланишнинг қонунийлиги ўрганилганида юқоридаги каби ҳолат аниқланди. Яъни, корхона раҳбари С.И. газни ҳисоблаш ускунаси паррак қисмига сим жойлаб қўйиб ҳисоблагични тўхтатиб қўйган. Ғишт ишлаб чиқаришда табиий газдан мутлақо “бепул” асосда ва ноқонуний фойдаланиб келаётгани фош этилган. Ғишт завод раҳбарининг ноқонуний қилмиши давлатга 44 млн. 880 минг сўмга тушган ва мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Бюронинг Қувасой шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“ТАЪМИНОТЧИ 36 МЛН. 383,9 МИНГ СЎМ ЗАРАР КЎРГАН”
— Худди шундай яна бир ҳолат МИБнинг Олот туман бўлими ходимлари томонидан Олот тумани “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини “Баёт” қишлоғида яшовчи Х.Ш. хонадонида кузатилди. У электр ҳисоблагични четлаб ўтиб, умумий таъминотчи корхона манфаатларига 36 млн. 383,9 минг сўм зарар етказгани фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан-тўғри яширинча равишда уланган. Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келгани натижасида аниқланган. Яширин уланмага электр тармоғига ун ишлаб чиқариш ускунаси (тегирмонлар)га тегишли 2 дона 3 кВт.ли, 1 дона 4 кВт.ли, 1 дона 1,1 кВт.ли ҳамда 2 дона 11 кВт.ли электр двигателларни, 2 дона 0,54 кВт.ли музлатгич, 1 дона 1,5 кВт.ли электр духовка, 1 дона 1 кВт.ли электр чойнак, 1 дона 1,1 кВт.ли кондиционер ва бошқа электр жиҳозлари улаб фойдалангани аниқланган.
Ўтказилган терговга қадар текширув давомида Х.Ш.га қонун талаби тушунтирилди. Етказилган 36,3 млн. сўмлик зарар ихтиёрий қоплангани боис тўпланган ҳужжатлар юзасидан ЖПКнинг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА
МИБ органлари томонидан карантин даврида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича олиб борган тезкор тадбирлари даврида 35,224 минг сўмдан ортиқ зарар етказиш билан 1336 та ҳолат аниқланган.
- 424 таси табиий газ;
- 912 таси электр энергия тармоқларидан ноқонуний фойдаланган.
Бюро органлари барча тадбиркорлик субъектларини халқ мулки ҳисобланган табиий газдан фақат ва фақат оқилона фойдаланиш лозимлиги ва ундан ўғринча фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик мавжудигини эслатиб қолади.
МУРОЖААТ ҚИЛИНГ!
Мажбурий ижро бюроси фаолиятига доир ҳар қандай масалалар бўйича “1107” қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат этиш мумкин.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА






