АсосийJinoyat

ИИБ ходимлари аёвсиз калтаклаб ўлдирган фуқаро воқеасига “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати муносабат билдирди

'ИИБ ходимлари аёвсиз калтаклаб ўлдирган фуқаро воқеасига “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати муносабат билдирди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Андижонда ИИБ ходимлари томонидан калтакланган фуқаронинг ағир аҳволдаги ҳолати акс этган видео тарқалди. Бу ҳақдаги видео сайтимизда аввал берилганди. Бу мудҳиш воқеа юзасидан аввало ИИВ  баёнот берди.

Шунингдек сиёсий партиялар вакилларининг бу борадаги нуқтаи назарларини ҳам  сайтимизда ёритган эдик. 

Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, қийноққа солиниши оқибатида вафот этган фуқаро билан боғлиқ ҳодиса юзасидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати қуйдагиларни билдирди.

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ,  2020 йил 1 апрелдан бошлаб:

шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби жорий этилиши;

— ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига улар томонидан шахс ушланганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларидан бирини, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурияти юкланиши белгиланган эди.

Шу маънода тегишли идоралар томонидан қонунчиликнинг амалиётда тўғри ва ўз вақтида ижро этилиши ўта долзарб ҳисобланади. Хусусан, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, прокуратура идоралари жиноятчиликка қарши курашувчи идораларнинг қонунларни ижро этишларини назорат қилади, шунингдек, ушлаб турилганларни, қамоққа олинганларни сақлаш жойларида, жиноий жазолар ва бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этиш вақтида қонунларга риоя этилиши устидан назорат амалга оширади.

Шунингдек, вақтинча сақлаш хибсхоналари ва тергов изоляторлари ҳамда жазони ижро этиш муассасаларини видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш муҳим аҳамиятга эга. Умуман, барча ички ишлар идораларида тергов ҳаракатларини аудио- ва видео қайд этиш тизимлари орқали олиб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Андижонда юз берган воқеа шуни кўрсатадики, соҳани ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмаслиги, аксинча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш лозимлиги, бунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига сўзсиз риоя қилинишига, ички ишлар органлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлашга, шу жумладан, парламент ва жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини йўлга қўйиш ва энг асосийси, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида урғу бериш кераклигини тақозо этади".

    Бошқа янгиликлар