АсосийJamiyat

Бир неча кун олдин транспорт ҳаракати учун очилган Сирдарёдаги А-373 йўли қайта ёпилди. Фақат юк машиналарига рухсат берилмоқда

'Бир неча кун олдин транспорт ҳаракати учун очилган Сирдарёдаги А-373 йўли қайта ёпилди. Фақат юк машиналарига рухсат берилмоқда'ning rasmi

Хабарингиз бор, 2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори тўғонида юзага келган фавқулотда ҳодиса натижасида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманлари ҳудудларидаги аҳоли яшаш пунктлари, сув тошқини йўналишидаги дала майдонларидаги экинларга ҳам жиддий талофат етди.

Шу билан бир қаторда ушбу сув тошқини натижасида юқоридаги ҳудудлардан ўтган халқаро, давлат ва маҳаллий автомобиль йўллари, йўл кўприкларига ҳам жиддий зарар етиб транспорт воситаларини ҳаракатланиши чекланди.

Тегишли ташкилотлар томонидан олиб борилган қурилиш-таъмирлаш, монтаж ишлари давомида Оқолтин тумани ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятдаги М-34 автомобиль йўли билан Гулистон йўналиши бўйича ўтган М-34 йўлини боғлаб турувчи А-373 халқаро автомобиль йўлининг 37 километридан 0 километригача бўлган ҳудудининг "Тошкент-Самарқанд" йўналиши 2020 йил 13 июнь кунидан транспорт воситаларига сутканинг ёруғ вақтида ҳаракатланиши учун очилган эди.

Лекин, ўтган кунлар давомида ушбу ҳудуддан транзит ўтиб кетувчи транспорт воситалари қўпайиб кетганлиги, йўналишдаги 4 та кўприкларда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги, фақатгина бир томонлама йўналиш бўлагида ҳаракатланиш мавжудлиги сабабли ушбу ҳудудларда ҳаддан ташқари транспорт воситалари тирбандлиги ошиб кетиб, йўловчиларимиз анча вақтга қадар ушланиб қолишаётганлиги аниқланди.

Шу сабаб А-373 автомобиль йўлининг ушбу қисмида вилоят худудидан транзит ўтиб кетувчи енгил ва йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун ҳаракатланиш тўхтатилди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар бермоқда.

"Юқоридагиларни инобатга олиб, вилоят ҳудудидан бошқа вилоятларга транзит тартибида ҳаракатланиб ўтиб кетаётган ҳайдовчилар ва фуқароларга "Тошкент-Самарқанд" йўналиши бўйича транспорт воситаларида ҳаракатланиш вақтида М-34 автомобиль йўлининг 103 километрида А-373 автомобиль йўлига, ўнгга қайрилмасдан тўғрига - яъни, "Тошкент-Душанбе" йўналиши бўйича ҳаракатланишда давом этишлари мумкинлигини билдирамиз.

Ҳайдовчилардан йўлларнинг ушбу қисмидан ҳаракатланиб ўтаётган вақтларида йўл ҳаракати қоидаларига ҳамда тартибга солувчининг ишораларига амал қилган ҳолда транспорт воситаларини бошқаришларини сўраб қоламиз", - дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар