Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов маҳаллий телевидение орқали чиқиш қилиб, вилоятдаги ҳозирги эпидемиологик вазият ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш учун зарур профилактик чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳақида маълум қилди.
Таъкидланишича, ҳозирда вилоятда 4118 нафар фуқаро карантинга олинган. Уларнинг 298 нафари тиббиёт муассасаларида, 678 нафари сиҳатгоҳ ва махсус биноларда, 3142 нафари эса ўз уйларида кузатувда бўлиб турибди.
"Энг ёмони, бу касаллик аҳоли орасида аниқланаяпди. Улар касалликни айнан қаерда юқтирганлигини, касаллик манбаини аниқлашимизнинг имкони қийин бўлмаяпти.
Шунинг учун вирус тарқалишининг олдини олишда барчамиз бирдек масъулиятимизни ошириб, бор кучимизни сафарбар этишимиз лозим.
Кузатилаётган эпидемик вазиятни ҳисобга олиб, биз бугундан Термиз шаҳрига кириб-чиқишни тўхтатдик ва бир қатор юмшатишларни бекор қилдик.
Термиз шаҳри фуқаролари, тадбиркорлари бундан тўғри хулоса чиқариб, карантин талабларига риоя этиши лозим. Шу билан бирга, эпидемик вазият муракаб бўлган Термиз, Денов, Музработ, Шўрчи, Қумқўрғон ва Бойсун туманларида ҳам карантин талабларини қатъийлаштирамиз", - дейилади вилоят ҳокими мурожаатида.






