БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеяси Европа минтақавий комиссиясининг навбатдаги 65-сессияси Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади, тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов очиб беради.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан UNWTO бош котибиятига 2020 йилги Европа Комиссияси 65-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича юборилган таклифи доирасида шунга оид қарор қабул қилинган. 2020 йил 24-25 июнь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган мазкур тадбирда 40 дан ортиқ мамлакатнинг туризм ва соҳага оид вазирлик ҳамда идораларидан 300 дан ортиқ делегация вакиллари ташриф буюриши, тадбир доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда конференция ўтказилиши режалаштирилган эди.
COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият сабабли ушбу тадбирни онлайн режимда ўтказишга қарор қилинди. Асосий мавзу пандемиянинг туризмга таъсири ва унинг оқибатларидан тикланиш масаласига қаратилади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов томонидан очиб берилади. Шундан сўнг UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили, минтақавий комиссия раиси – Греция Туризм вазири Гарри Теохарис, Европа департаменти директори Алиссандра Прианте сўзга чиқади. Онлайн тадбирдан “COVID-19 га жавоб сиёсати” мавзусида вазирлараро муҳокамалар ҳамда UNWTO ва Халқаро молия корпорациясининг “яшил” молиялаштириш инструменти мавзусидаги маърузалари ўрин олади. Сессияда шунингдек, навбатдаги 66-йиғилишни тўлиқ форматда ўтказиш масаласи муҳокама қилинади, мезбон сифатида Ўзбекистон номзоди қайта таклиф этилиши кутилмоқда.






