АсосийJamiyat

Китобда коронавирусдан ўлгани рад этилган беморга қараган 17 нафар тиббиёт ходимида ва марҳумнинг 8 яқинида вирус аниқланди

'Китобда коронавирусдан ўлгани рад этилган беморга қараган 17 нафар тиббиёт ходимида ва марҳумнинг 8 яқинида вирус аниқланди'ning rasmi

Аввал хабар берганимизек, 31 май куни Китоб туманида коронавирус аниқланган бўлиши шубҳаси билан ҳудуд карантинга олиниб, икки кун аввал эса "қизил" тоифага ўтказилган эди. Бироқ, бир муддат коронавирус билан касалланганлар маълумоти қайд этилмаган бўлсада, ҳудуд карантинга олингани ҳаммада кўплаб саволларни келтириб чиқарди. Ушбу ҳолатни эса Китоб тумани ҳокимлиги, касаллик билан шубҳага олинган фуқароларнинг таҳлил натижалари бироз кеч чиққани билан боғлаган. 

Бироқ, ушбу шубҳа остидаги фуқаролар сони қаердан пайдо бўлди? Китоб туманида ушбу вазият бирдан қандай юзага келди? 

Сал аввал, аниқроғи Китоб туманига кириш-чиқиш тақиқланган 31 май куни туманда бир бемор ушбу касалликдан вафот этгани катта шов-шув бўлган эди. Ўша беморнинг коронавирусдан ўлгани ҳақидаги расмий қоғоз ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалиб улгурганди. Бироқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фуқаро коронавирусдан эмас, бошқа касалликдан вафот этгани эълон қилинди. Куни кеча эса, Китоб туманида коронавирусга чалинган 20 нафар фуқаро аниқлангани маълум бўлган.

Айни пайтда Китоб тумани ҳокимлигининг маълум қилишича, туманда 73 нафар киши вилоят юқумли касалликлар шифохонасида карантинга олинган.  Шулардан 5 нафар кишида аввалроқ касаллик аниқланиб, тасдиқланган. Карантинга олинганлар ичидан бугунги ҳолатда яна 20 нафар кишида касаллик аниқланиб, тасдиқланди.  Яъни, ҳозирги пайтда жами касалланганлар сони 25 нафарни ташкил этмоқда. 

 Шулардан 17 нафари тиббиёт ходимлари, қолган 8 нафар фуқаро, Тошкентдан оғир аҳволда Китобга, яъни уйига қайтиб келиб, тез ёрдам машинаси  орқали  шошилинч равишда туман тиббиёт бирлашмасига келтирилган, барча тиббий ёрдам чоралари кўрилишига қарамай, касалликнинг оғир аломатлари туфайли вафот этган бемор билан мулоқотда бўлган яқинларидир, дейилади расмий хабарда.  

Демак, қуйида яна бир бор китоблик фуқаронинг коронавирусдан ўлгани расман айтиб ўтилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, маҳаллий маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасини инкор этаётгани яна бир бор яққол юзага чиқиб қолди. 

    Бошқа янгиликлар