Ижтимоий тармоқларда фуқаро Муҳаббат Ниёзованинг прокуратура орган ходимлари унинг яшаш уйида тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилганлигидан норозилиги ҳақидаги видеомурожаат тарқалган эди. Ушбу мурожаат юзасидан Тошкент вилоят прокуратураси расмий баёнот берди.
Унда айтилишича Қўш-ёғоч олтин файз балиқлари” МЧЖга балиқ боқиш, сунъий ховуз ташкил этиш учун 49 йил муддатга ижара асосида 11,8 гектар ер майдони ажратилган. Жамият раҳбари Ж.З. томонидан унга ишониб топширилган ва унинг ихтиёрида бўлган 11,8 гектар ер майдонидан тегишли рухсатнома олмасдан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 983-сонли қарори талабларига зид равишда қазиб олинган 70307,57 м3 қум-шағал аралашмасидан 59618,01 м3 қум-шағал аралашмасини сунъий ховуз ташкил қилиш учун ишлатмасдан бошқа мақсадларга ишлатиб юборганлиги аниқланган.
Х.Сулайманова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 21.01.2020 йилдаги 29/20(507)19.1Z/791-сонли хулосасига кўра 1 м3 қум-шағал аралашмаси ўрта ҳисобда 10.500 сўм эканлиги маълум бўлган ва юқоридаги 59618,01 м3 қум-шағал аралашмасини ноқонуний олиб чиқиб кетиши натижасида 625 989 105 сўмлик қум-шағал аралашмаси растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан “Қўш-ёғоч олтин файз балиқлари” МЧЖ раҳбари Ж.З.га нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Бундан ташқари, жамият раҳбари Ж.З.нинг акаси Б.Қ. норасмий раҳбар сифатида фаолият юритиб, жамиятга тегишли балиқ ҳовузини қаздириш ва бошқа ишлар билан бевосита ўзи шуғулланган.
Жиноят ишини тергови натижасига кўра, Ж.З.га нисбатан очилган иш жиноят ишлари бўйича судга юборилган. Б.Кузиевга нисбатан терговдан яширинганлиги сабабли қидирув эълон қилинган.
Туман ИИБ ЖҚБ тезкор ходимлари томонидан Б.Кузиевни қидириб топиш бўйича қидирув йиғма жилди юзасидан тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.






