АсосийJamiyat

МИБ тизими ўзини оқламадими? Ваколатлар қисқартирилаётганига ташкилот муносабат билдирди

'МИБ тизими ўзини оқламадими? Ваколатлар қисқартирилаётганига ташкилот муносабат билдирди'ning rasmi

Аввал хабар қилинганидек, 18 июнь куни Президентнинг “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6010 сонли Фармони қабул қилинди.

Ҳужжат билан  Мажбурий ижро бюроси фаолиятидаги газ ва электр учун тўловларни қабул қилиш вазифа ва функциялари Энергетика вазирлиги зиммасига ўтиши, ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан кўрсатилган қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловларни ундириш механизмини амал оширилиши назарда тутилмоқда.

Хўш, Мажбурий ижро бюроси бу борадаги вазифасини  қандай уддалади? Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутувчи коммунал соҳа муаммоларига ечим топиш борасида ижобий натижаларга эришилдими ?  

Мазкур саволга Мажбурий ижро бюросининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпулатов аниқлик киритди:

—  Аввало, иш фаолиятимизни бошлашда  - ижро иши, энергия ресурслари билан боғлиқ барча ҳолатлар тизимли ўрганиб чиқилиб, таҳлил қилинди.  

Энергия ресурслари ва сув таъминоти соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлашда прокуратура тизимида тўпланган тажриба ва ижро интизомидан унумли фойдаланилди.

Белгиланган вазифалар – энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ва олдини олиш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ этилди.  

Шу боис, кейинчалик Бюро органларига қаттиқ маиший чиқиндилар учун мажбурий тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш ҳам қўшимча вазифа сифатида юкланди.  

Қисқа вақт ичида суд ва бошқа органлар қарорлари ижросини таъминлаш, энергия ресурслари бўйича қарздорликни камайтириш борасида ижобий кўрсаткичларга эришилди.

Мисол учун: Бюро органлари ташкил этилганидан буён ҳозирга қадар энергия ресурслари, сув истеъмоли ва қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасида 94,3 трлн. сўм ундирилди (шундан электр энергияси – 45,8 трлн., табиий газ – 46,1 трлн., ичимлик суви – 1,9 трлн., маиший чиқинди – 0,4 трлн.).

Ўтган давр ичида энергия ресурслари ва сув таъминотидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда талон-торож қилиниши билан боғлиқ 1,2 трлн. сўмлик зарар аниқланиб, 1046 та жиноят иши қўзғатилган.

Бюро фаолиятини бошлаган вақтдан буён долзарб масалалардан бири  

бу албатта нореал, яъни асоссиз қарздорликлар ҳисобланишининг олдини олиш долзарб масала эди. Бу йўналишда Бюро органлари фаолиятини бошлагандан ҳозирга қадар 1 трлн. 344 млрд. сўмлик нореал қарздорлик бўйича 244 та жиноят иши қўзғатилди.

Муҳими –  юртдошларимизда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, тўлов интизомига риоя қилиш маданияти шакллана бошлади.

Эндиликда, ушбу вазифалар Энергетика вазирлиги томонидан тизимли равишда олиб борилади деб ҳисоблаймиз. Чунки кейинги йилларда ушбу вазирликда бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлди.    

Энергетика соҳасини ислоҳ қилиш мақсадида «Ўзбекэнерго» АЖда тубдан қайта қуриш амалга оширилди. "Ўзбекэнерго" АЖ негизида учта: "Иссиқлик электр станциялари", "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" ва "Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамиятлари ташкил этилди. Ушбу қайта ташкил этишдан мақсад электр энергиясини ишлаб чиқариш, ташиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил этишнинг замонавий усулларига ўтилди.

Шу ўринда аҳолимиз яхши билиши лозимки, Мажбурий ижро бюроси зиммасидаги электр, газ ва маиший чиқиндилар учун тўловларни ўз вақтида ҳамда ундириб олиш бўйича вазифалар - Энергетика вазирлигига жорий йилнинг 01 август кунидан эътиборан ўтказилади.

Бунгача бўлган даврда Мажбурий ижро бюроси бу йўналишда ўз ишини давом эттиради.

Демак, Мажбурий ижро бюроси 1 август кунига қадар - энергия ресурслари, сув таъминоти соҳасида ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш, тармоқларга ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш каби вазифаларни амалга оширади.

    Бошқа янгиликлар