Президентимиз фармойишига асосан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони лавозимига янги тайинланган полковник Фарҳоджон Шерматов ҳарбий округдаги фаолиятини Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош туманидаги Болалар уйига ташрифдан бошлади. Бу ҳақда Даракчи.уз га Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганларга кўмак бериш, ҳайру саҳоват, меҳр-мурувват кўрсатиш қорақалпоқ ва ўзбек халқларига хос бўлган олижаноб инсоний фазилатлардан саналади.
Ҳарбий округ қўшинлари қўмондони болажонларни оқ ювиб, оқ тараб, ҳеч кимдан кам қилмай камолга етказаётган Болалар уйи раҳбариятига миннатдорчилик билдирди. Ҳарбий хизматчилар ушбу даргоҳга ҳар доим кўмак беришга тайёр эканини таъкидлади.
Қўмондоннинг мазкур муассасага ташрифи кичик байрам концертига уланиб кетди. Болалар ўзларининг мусиқий чиқишлари билан меҳмонларни олқишлади. Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоаси томонидан ижро этилган ватанпарварлик руҳидаги куй ва қўшиқлар, шўх-шодон наволар барчани ўйинга чорлади.
Архив маълумотларига кўра Болалар уйига 1944 йилда Нукус шаҳрида асос солинган. 1952 йилда эса муассаса Тахиатош шаҳрига кўчирилган. Болалар уйи асосан психофизиологик ривожланиши бузилган болалар учун мўлжалланган бўлиб, даволаш-соғломлаштириш муассасаси ҳисобланади. Ҳозирги вақтда Болалар уйида 6 ёшгача бўлган 30 нафар тарбияланувчи етакчи мутахассислар кўмагида вояга етмоқда.
Ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган эсдалик совғалари меҳрга муҳтож қалб эгаларининг кайфиятини кўтариб, уларнинг қувончига янада қувонч бахш этди.






