Хитой хафта бошида Пекинда аниқланган коронавирус геноми ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Расмий хабарларга кўра, дастлабки тадқиқотлар вирусда Европа штаммининг борлигини кўрсатган.
Хитой ҳукумати ушбу маълумотни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига ҳам тақдим қилганини маълум қилди. Хитойнинг миллий микробиология маълумотлар марказининг веб-сайтига кўра, геном маълумотлари учта намунага асосланган, уларнинг иккитаси инсон ва биттаси атроф-муҳитдан тўпланган.
Пекиндаги янги инфекция ҳолатлари Осиёдаги энг йирик Шинфади улгуржи савдо бозори билан боғлиқ. Саккиз кун ичида шаҳарда жами 183та янги инфекция ҳолати аниқланди. Хитой касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази вакили Чжан Юн ўз мақоласида геном билан боғлиқ ва эпидемиологик тадқиқотларнинг дастлабки натижаларига кўра вирус Европадан келганини, аммо у Европада ҳозирда тарқалаётган вирусдан фарқ қилишини ёзади.
Чжаннинг фикрига кўра, вируснинг Хитойга кириб келганлиги бўйича бир нечта тахминлар бор. Жумладан, вирус импорт қилинган музлатилган озиқ-овқат маҳсулотларида яширинган ҳолда кириб келган бўлиши мумкин.






