Сурхондарё вилояти Денов туманидаги эски “Деҳқон (озиқ-овқат) бозори”да фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ сотувчиларнинг видеомурожаати ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Видеомурожаатда Денов деҳқон бозори бузилиши туфайли ушбу ҳудудда савдо қилаётган тадбиркорлар ва маҳаллий яшовчиларнинг зарар кўраётгани, зарарини қоплаб бериш маҳаллий бюджетга юклангани, аммо ҳозирда коронавирус пандемияси туфайли маҳаллий бюджетдан сотувчиларга тўловлар тўланмаётгани тўғрисида фикрлар билдирилган.
Сенат ахборот хизмати хабар қилишича, куни кеча Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Иминов ҳамда Сурхондарё вилоятидан сайланган сенатор Арзиқул Соатов муаммони жойига бориб ўрганган. Эски “Деҳқон (озиқ-овқат) бозори”да фаолият юритаётган сотувчилар билан суҳбатлашган.
Сотувчилар ҳозирда янги қурилган бозор харидорлар боришига ўргангунга қадар уларнинг савдосига таъсири қилиши мумкинлиги, бироқ бу маълум муддат эканини айтишган.
Сенат Ишчи гуруҳи ушбу вазиятни ўрганиб чиқди ва масалани ўз назоратига олди.






