Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев 11 йил-у 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди, дея ёзмоқда Риа новости.
У жиноятчи Азиз Батукаевни пора эвазига қамоқдан чиқарган деб топилган.
«Суд Атамбоевни айбдор деб топди ва 11 йил-у 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини белгилади. Унинг давлат мукофотлари ва мол-мулки мусодара қилинади», дея айбловни ўқиб эшиттирган Бишкекнинг Биринчи май туман суди судьяси.
Маълум қилинишича, миллати чечен бўлган «криминал авторитет» Азиз Батукаев 2004 йил қамалганди. У узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаётган вақтда 2013 йил озодликка чиқарилади. Расмий маълумотларда унинг саломатлигидаги муаммо сабаб озод қилингани айтилади. 2013 йилнинг ўзида Қирғизистонда бу иш бўйича суриштирув бошланган ва асосий айбдор сифатида омбудсман раҳбари Турсунбек Акун айтилганди. Аммо суриштирув ишлари тўхтатиб қўйилган.
2019 йил президент Сооронбай Жээнбеков топшириғи билан суриштирув ишлари тикланиб иш доирасида собиқ соғлиқни сақлаш вазири ва собиқ бош прокурор қўлга олинганди.
Ўтган йилнинг 8 августида Атамбоев Қўй-Тошдаги уйида Қирғизистон хавфсизлик кучлари ўтказган операция доирасида қўлга олинганди.






