Қашқадарё ҳокими Зойир Мирзаев ҳафтанинг ҳар жумасини ёшларни иш билан таъминлаш ва муаммоларини ечиш куни деб эълон қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг битирувчиларга қилган мурожаатномасида маълум қилинди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати.
“2019\2020-ўқув йилида вилоятдаги мавжуд умумтаълим мактабларини 47 680 нафар ўқувчи тамомлади. Уларнинг 409 нафари олтин, 313 нафари эса кумуш медал соҳиби бўлди, — деди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. — Ўтказилган сўров ва ўрганиш натижасига кўра, мактаб битирувчиларнинг 38 470 нафари ОТМларда, 9210 нафари ўрта махсус муассасаларида ўқишни давом эттириш истагини билдирган”.
“Энди ҳафтанинг ҳар жума куни хоҳ у бошқарма бошлиғи бўлсин, хоҳ ҳоким, ёшларни тинглайди ва уларни иш билан банд қилиш, муаммосини ечишга вақт ажратади”, — деди Зойир Мирзаев






