2020 йилнинг 23 июнь куни ижтимоий тармоқларда “22 июнь куни Термиз шаҳри “яшил” ҳудудга ўтди. Ахборот хизмати томонидан 21 июнь ҳолатига шаҳарни “қизил” ҳудуд, деб кўрсатиб халқни чалғитаяпсизлар”, деган мазмунда хабарлар пайдо бўлди.
Айни пайтда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати бу борада қолдирилган мурожаатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
"Биринчидан, “кеча, 22 июнь куни Термиз шаҳри ”яшил” ҳудудга расман ўтди”, деб, шаҳарнинг “яшил” мақомга ўтганлигини тасдиқловчи манба сифатида унинг ҳаволаси келтирилибди. Ушбу ҳавола орқали манба билан танишсак, ҳақиқатдан ҳам айтилганидек, Термиз шаҳри “яшил ҳудуд” га киритилган. Аммо, манбадаги “эпидемиологик вазият 2020 йил 20 июнь ҳолатига”, деган эслатмага эътибор қаратилмабди-да?! Демак, “Кеча, 22 июнь куни Термиз шаҳри ”яшил” ҳудудга расман ўтди”, деган гап асоссиздир.
Иккинчидан, “Лекин сиз бугун 21июнь ҳолатига пост қолдиряпсиз? Халқни чалғитяпсиз”, дейилибди. Ҳа, вилоят соғлиқни сақлаш, шунингдек, санитария-осойишталик бошқармаси томонидан бугун, 23 июн куни тақдим этилган маълумотда, 21 июнь ҳолатига вилоятнинг 8 та ҳудуди, шу жумладан Термиз шаҳри “қизил” ҳудудга киритилган. Ахборот хизмати томонидан ёритилган ҳудудларни тоифаларга ўтказилиши бўйича хабар эса ушбу маълумотга асосланган.
Учинчидан, ҳудудлардаги эпидемиологик вазият кун сайин, соат сайин ўзгариб туришини инобатга олсак, Термиз шаҳри 2020 йил 20 июнь ҳолатига “яшил”, 2020 йил 21 июнь ҳолатига “қизил” ҳудудга киритилиши табиий. Бу эса ваколатли ташкилотлар томонидан белгиланади. Агар ҳудудларда эпидемиологик вазият билан боғлиқ вазият ўзгариб турса, бугунги вазият аввалгисидан фарқланса буни__“эътиборсизлик” ёки “халқни чалғитиш”га йўйманг, — дейилади ҳокимият изоҳида.






