АсосийJamiyat

Тошкентда ўқувчилардан мактабни ободонлаштиришга деб пул йиққан ўқитувчига ҳайфсан берилди

'Тошкентда ўқувчилардан мактабни ободонлаштиришга деб пул йиққан ўқитувчига ҳайфсан берилди'ning rasmi

Шу йил 8 июнь куни Фейсбук ижтимоий тармоғида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 299-сонли умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилаётган пул йиғимлари тўғрисидаги ёзишма эълон қилинган эди. Бу хабар бўйича интернет сайтларда мақола ҳам чоп этилганди. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида туман халқ таълими бўлими томонидан мазкур ҳолат ўрганилди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ХТББ Матбуот хизмати.

Ўрганишлар жараёнида 7 июнь куни мактаб ўқитувчиларининг телеграммдаги гуруҳида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Алиева Дилором (педагогик стажи 18 йил, 2 тоифали) мактабни ободонлаштириш ишларига 50 минг сўмдан пул йиғлиши ҳақида ҳақиқатан ҳам ёзганини айтди. 

Унга бундай топшириқ ким томондан буюрилгани сўралганда, у 62 ёшда эканлиги, педагог ходимлар ўртасида ҳурматга сазовор бўлиб, маҳалла фуқаролар йиғини фаоли сифатида шахсий ташаббус кўрсатиб, ҳеч кимнинг буйруғисиз мактабни обод қилиш мақсадида шу ишни амалга оширмоқчи бўлганини билдирди.

Шунингдек, мактабнинг математика ўқитувчиси Атабаева Маҳфуза (педагогик стажи 16 йил, 2 тоифали) ҳамда мусиқа ўқитувчиси Арипова Мухлиса (педагогик стажи 13 йил, 2 тоифали)лар билан ҳам суҳбат жараёнида шу нарса аён бўлдики, юқоридагиларни таъкидлаб, мактаб маъмурияти билан келишмасдан ўқитувчилар бирлашиб, ўз ташаббуслари билан ободонлаштириш ишларига ўз ҳиссаларини қўшишмоқчи бўлишган.

Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Дилбар Ҳусанова (педагогик стажи 25 йил, 1 тоифали ўқитувчи) бугунги кунгача хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари билан биргаликда ободонлаштириш ишлари амалга ошириб келинган ва ўқитувчи Алиева Дилором улардан бу ташаббусни амалга оширишга рухсат сўрамаганлигини таъкидлади.

2019-2020 ўқув йилида тумандаги барча мактаб директорлари, жумладан, 299-мактаб директори Паттахова Дилнора Мавлянова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210, 211-моддалари билан ХТБ ва туман Адлия бўлими томонидан таништирилганлиги ҳақида эслатиб ўтилди.

 Шунга биноан, ўзи раҳбарлик қилаётган мактабда асосий эътиборини таълим ва тарбияни ташкил этишга, ўқитувчиларни ва бошқа жамоа аъзолари ўртасида ҳам бу борадаги тушунтириш ишларини олиб бориши, ўқитувчилар ва уларнинг ота-оналаридан турли кўринишдаги пул йиғимлари йиғмасликка ва бу каби иллатларни олдини олишга огоҳлантирилган эди ва яна бир бор огоҳлантирилди.

Ўқитувчи Дилором Алиевага эса 181-модда 1-бандига биноан ҳайфсан берилди.

    Бошқа янгиликлар