Қарши шаҳрида янги қурилаётган бинода юк кўтарувчи конструкцияларнинг қулаши ҳолати содир бўлди. ФВВ мазкур ҳодиса оқибатида юзага келган вазият тўғрисида бирламчи маълумот тақдим этди.
Келтирилишича, кеча, 23 июнь куни соат 21:30да Қарши шаҳри, И.Каримов кўчаси “Насаф Травел” меҳмонхонаси биносининг чап томонидан қўшимча қурилаётган 5 қаватли бинонинг юк кўтарувчи темир-бетон конструкциялари қулаб тушган. Бунинг оқибатида, 1 нафар ишчи-ходим воқеа жойида вафот этган.
Мазкур вазият юзасидан, ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий Гвардия ва Прокуратура органларининг ҳудудий бошқармалари шунингдек, Фавқулодда вазиятларда уларни олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимининг куч ва воситалари етиб боришган.
Айни вақтда, ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.






