Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сонли фармонида “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК МЧЖ га 2017-2019 йиллар дастурларида қурилган уй-жойларни реализация қилишда 2020 йил 1 июлга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш белгиланган эди.
Мана ушбу санага ҳам саноқли кунлар қолди. Уй-жойлар ва хонадонлар токи фуқаролар номига нотариал тартибда расмийлаштирилгунга қадар “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК МЧЖ нинг мулки ҳисобланади.
Бугунги кунга келиб, ҳудудий комиссиялар томонидан уй-жойларга бириктирилган фуқароларнинг кўпчилиги юқоридаги имтиёздан фойдаланган ҳолда уй-жойларни ўз номларига расмийлаштириб олишди.
Аммо турли сабабларга кўра уй-жойларни ўз номларига расмийлаштиришга улгурмаган фуқаролар ўзларига бириктирилган хонадонларни 2020 йил 1 июлга қадар ўз номига нотариал тартибда расмийлаштириб, ипотека кредити ёки тўлиқ ўз ёнидан тўлаш орқали хонадон қиймати "Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК га тўлаб берилмаса, уй-жойлар нархига 15% қўшилган қиймат солиғи қўшилади.
Масалан 1 м2 ўртача 3 980 000 сўмлик уй-жойларда нарх қўшилган қиймат солиғи билан 4 577 000 сўмни (ҚҚС 597 000 сўм) ташкил қилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб уй-жойларга бириктирилган фуқаролардан уй-жойлар нархлари ҚҚС қўшилиши ҳисобига кескин ошиб кетишининг олдини олиш учун жорий йилнинг июль ойи 1 санасига қадар хонадонларни ўз номларига нотариал тартибда расмийлаштиришлари сўралади.
P.S// Ушбу талаб уй-жойларни ўз номларига нотариал тартибда расмийлаштириб, ипотека кредитлари ажратилган фуқароларга тааллуқли эмас.






