Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода Мирзажонова 2020/2021 ўқув йили учун қўшимча грантларга тавсияномалар қуйидаги фуқароларга берилишини маълум қилди:
– кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;
– тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;
– 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;
– шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар;
– ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;
– ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар;
– олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ маротаба паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи оилалардаги қиз фарзандлар (уларни ўз ҳудудида 3 йил ишлаш шарти билан).
Асос — Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 402-сонли Қарори.






