АсосийJamiyat

Сенатор болаларнинг самарали даволанишида зарур бўладиган тиббий ускуналарни ҳадя қилди

'Сенатор болаларнинг самарали даволанишида зарур бўладиган тиббий ускуналарни ҳадя қилди'ning rasmi

Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов Республика Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтига болажонларнинг самарали даволаниши учун керак бўладиган бешта инфузомат аппаратини ҳадя қилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, инфузомат – бу беморларга узоқ муддатда дориларнинг меъёрида юборилишини таъминлайди. Яъни бемор учун тўлиқ хавфсизликни яратади. Унинг ёрдамида шифокор маълум параметрларни белгилайди, хусусан, препаратнинг дозаси, уни юбориш тезлиги, инфузия вақти.

Албатта, бундай хайрли ишлар шифокорларга анча енгиллик беради, десак муболаға эмас.

– Бизнинг бўлим 25 ўринга мўлжалланган, – деди 2-болалар бўлими мудири Арипова Назокат. – Албатта, беморларнинг даволаниши учун давлатимиз томонидан зарур шарт-шароитлар яратилган. Яъни дори-дармон воситалари, тиббий асбоб-ускуналар бериляпти. Яна бир муҳим жиҳатни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Бўлимимизда 25 нафар бемор ётиб даволанса, улардан 15 нафарида инфузомат аппаратига эҳтиёж сезиларди. Сабаби, 3 та бундай аппарат бор эди. Мана, бугун саховатпеша инсон, сенатор Носирбек Абдуллаханов томонидан яна 5 та тақдим этилди. Бу нафақат биз шифокорларнинг ишини енгил қилди, балки болаларимизга анча қулайлик яратди. Боиси, болалар шу инфузомат орқали дори-дармонларни бемалол олишади.

 

Дарҳақиқат, сенаторларнинг бу каби эзгу ишларда фаоллиги уларнинг чинакам маънода халқ билан мулоқот қилиш ҳамда фуқаролар дарди билан яшаш ва уларнинг ташвиш-у муаммоларини аритиш асосий вазифаси эканлигидан даракдир. 

    Бошқа янгиликлар