АсосийJamiyat

Қаршида етарлича билимга эга бўлмаган ва дислокация ўрнига шаҳар харитасини кўрсатган ЙПХ ходимига нисбатан хизмат текшируви бошланди

'Қаршида етарлича билимга эга бўлмаган ва дислокация ўрнига шаҳар харитасини кўрсатган ЙПХ ходимига нисбатан хизмат текшируви бошланди'ning rasmi

Кеча, 23 июнь куни ижтимоий тармоқда “Мақсуд Музаффаровдан навбатдаги шедевр видео... у гаига тушди” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.

Видеолавҳа Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан ўрганилди. 

Аниқланишича, жорий йилнинг 28 май куни белгиланган кунлик хизмат тақсимотига асосан, 3-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ катта инспектори О.Турсунов йўл ҳаракати  хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Қарши шаҳар, А.Темур ва И.Каримов кўчалари кесишган чорраҳага хизматга жалб қилинган. ЙПХ катта инспектори 28 май куни соат 07:40 ларда, Қарши шаҳар, А.Темур кўчасида хизмат ўтаётган вақтида, “Спарк” русумли, 70 Y 033 КA давлат рақам белгили транспорт воситаси ҳайдовчиси А.Темур ва И.Каримов кўчалари кесишмасида ўрнатилган светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида орқага қайрилиб олиб ҳаракатланиб келган вақтида инспектор ҳайдовчини белгиланган тартибда тўхтатиб, ҳайдовчига ўзини таништириб, содир этган қоидабузарлиги юзасидан тушунча бериб, автомашина бошқаришга оида тегишли ҳужжатларини тақдим қилишини сўраган. Шунда ҳайдовчи ўзини М.Музаффаров деб таништириб, ЙПХ ходимидан кунлик хизмат ўташ тўғрисидаги дислокация кўчирмасини кўрсатишини сўраган.

ЙПХ катта инспектори О.Турсунов айнан ушбу чорраҳага бириктирилгани бўйича дислокация кўчирмасини  ҳайдовчига кўрсата олмаганлиги, унга Қарши шаҳар ҳудуди бўйича харитани кўрсатганлиги маълум бўлди.

ЙПХ катта инспектори, ҳайдовчига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Низом талабларини тушунтиришга ҳаракат қилган. Лекин, етарлича билимга эга бўлмаганлиги сабабли ушбу Низом талабларини тўлиқ етказиб бера олмаган.

ЙПХ катта инспектори ҳайдовчига нисбатан “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 31-бандида кўрсатилиб ўтилган талабларни бузганлиги учун белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан хизмат текшируви тайинланди. Хизмат текшируви хулосаси бўйича қўшимча маълумот берилади, дейилган расмий муносабатда.

 

    Бошқа янгиликлар