Мутахассислар Европа мамлакатларида коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини вужудга келиш хавфи юқори эканлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Германияда инфекциянинг янги ҳолатлари сони ҳар бир соатда ўсиб бормоқда: сўнгги 24 соат ичида бу 587 тага кўпайди. Мамлакат ғарбида жойлашган маҳаллий гўштни қайта ишлаш заводида коронавирус тарқалиб кетганидан сўнг 360 минг аҳолига эга иккита ҳудудда қайта карантин жорий этилди.
Европанинг эпидемиядан энг кўп зарар кўрган мамлакати бўлган Италияда ҳар куни инфекцияга чалинганлар сони 122 тани ташкил этмоқда. Бу масала бўйича Миландаги Гититас тиббиёт университети профессори Маурицио Сессони қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Биз COVID-19 вирусига чалинган беморларнинг яна кўпайишига тайёрмиз. Эпидемия бизни ҳайратда қолдирди, шунинг учун биз иккита асосий тамойил — жамиятда ва касалхонада инфекция тарқалишини ҳисобга олган ҳолда ишлашга ҳаракат қиламиз. Aгарда вирус тарқалишининг иккинчи тўлқини пайдо бўладиган бўлса, реанимация бўлимларида беморларнинг сонини кескин ошиши мумкин. Биз бунга тайёргарлик кўряпмиз".
Эпидемия маркази ҳисобланган шимолий Ломбардияда 62 ҳолат қайд этилди. Италиянинг 20та минтақасидан саккизтасида охирги кун давомида вирус ҳеч кимга юқмаган, 10 та ҳудудда реанимация бўлимларида бемор йўқ.
Европа реанимация жамияти аъзоси Профессор Жозеф Кесежиоглу шундай дейди:
"Бизни нима кутаётганини биламиз, аммо ҳаммаси аввалги даражада ёмон бўлмайди деб умид қиламиз. Бизда давлат ва хусусий шифохоналарда ҳаракатлар режаси асосида асбоб-ускуналар ва тиббий буюмлар мавжуд, аммо энг муҳими, бизда тиббиёт ходимлари ва беморларга ғамхўрлик қиладиган ходимлар етарли".
Португалияда инфекциянинг янги ўчоқлари аниқланди. Сўнгги бир ой ичида республикада 9200 дан ортиқ инфекция қайд этилган, уларнинг аксарияти пойтахтда. Шу муносабат билан Лиссабонда чеклов чоралари кучайтирилмоқда: энди ўндан ортиқ одам гуруҳ бўлиб тўпланиши тақиқланди, кафе ва дўконлар эса кечки соат 8 гача ёпилиши кераклиги айтилди.






