Бизни келажакка "элтган" шаҳар. У қаерда?

ЖАМИЯТ 28.06.2020, 03:21
Бизни келажакка "элтган" шаҳар. У қаерда?

Ҳар бир янгилик инсонни таажубга солиши табиий. Ва бундай ҳолатга дуч келганимизда ҳис-хаяжон таъсирида беихтиёр “ажабо”, “қойил”, “яшавор”, “ана бўлмасам”, “бўлиши мумкин эмас” ёки “бўларканку” деб юборамиз. Президентимизнинг Наманган вилоятига қилган ташрифи доирасида биз журналистлар ҳам гувоҳи бўлган мамлакатимиздаги энг ширин қовун-тарвузлар, иссиқхоналар шаҳарчаси, балиқчилик вилласи, Хитой ва Эрон бозори билан рақобатлаша оладиган керамика корхонаси, хуллас, барча объектлар бизни юқоридаги сўзларни бехосдан ишлатиб юборишимизга сабаб бўлди. Барчамизни бирваракайига жамийки ҳис-хаяжон сўзларини қўллашимизга арзийдиган навбатдаги яна бир манзилда биз Ўзбекистон келажагига саёҳат қилгандек бўлдик...

УШАЛИБ БЎЛГАН “ОРЗУ”

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида жойлашган “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод ва хавфсиз маҳалла” концепцияси асосида қилинаётган ишлар билан танишди. Бу маҳалладаги янгиликлар сиз ва бизнинг анъанавий қарашларимизни буткул ўзгартириб юборади. “АBL – soft and SS” корхонаси томонидан таклиф этилаётган лойиҳа натижасида ушбу маҳалла “хай-тек” технологиялар асосида “ақлли маҳалла”га айланган. Ҳудудда ўрнатилган камералар ва махсус техникалар ёрдамида маҳалладаги бахтсиз ҳодисалар, ЙТҲ, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, ҳаттоки таълим муассасаларидаги давомад кўрсаткичлари, хуллас, ҳаракатдаги ҳамма нарса кузатувда бўлади. Президентимиз лойиҳани кузатар экан, энг катта масала жиноятчиликни камайтиришга эришиш эканлигини таъкидлади.

БУ ҲАЛИ ҲАММАСИ ЭМАС!

Мамлакатимизда яна бир янгилик бўлган лойиҳа – Наманган шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий геоахборот мониторинг ва рақамли бошқарув тизими. Бу шундай тизимки, улкан экранларда акс этган Наманган шаҳри харитасида шаҳардаги:

  • Демографик (шаҳар аҳолисининг кўпайиши ёки камайиши);
  • Камбағаллик;
  • Якка-ёлғиз фуқаролар;
  • Транспорт;
  • Криминоген вазият;
  • Меҳнат бозори (талаб/таклиф);
  • Давлат хизматлари агентлиги (аризалар ҳолати);
  • Халқ қабулхонаси;
  • Иқтисодиётда кичик бизнес улуши;
  • Маҳаллий бюджет даромад ва харажатлари;
  • Иқтисодий кўрсаткичлар;
  • Импорт/экспорт;
  • Электр энергияси истеъмоли;
  • Маҳаллий лойиҳалар;
  • Covid-19 ва ҳаттоки хазинага тушумлар ҳам онлайн равишда ўзгариб, янгиланиб туради.

БУ ҲАМ ҲАЛИ ҲАММАСИ ЭМАС!

Араббой МАРАҲИМОВ, “АBL – soft and SS” корхонаси раҳбари:

"Лойиҳа “ақлли шаҳар” доирасида ишлайди. Агар биз турли давлат ташкилотлари билан келишувга эришсак, юқоридаги рўйхат яна ҳам кўпайиши мумкин. Мазкур тизим орқали барча маълумотлар онлайн равишда янгиланиб туради. Шунингдек, Наманган шаҳри ҳаритасида турли категориялар бўйича муаммо ва камчиликлар 3 хил – қизил, яшил ва сариқ рангларда намоён бўлади. Бунда қизил ранглар – муаммони, яшил ранглар – уларнинг ечимларини ва сариқ ранглар – кўрилаётган масалаларни ўзида мужассам этади. Ҳужжатларни кўриб чиқиш вақти тугаши билан унга ечим бўлган ёки бўлмаганига қараб сариқ ранг яшил ёки қизилга ўзгаради. Шу билан шаҳар картасида энг муаммоли ҳудудлар рўйхати шакллантирилиб, уларни ҳам имкон қадар яшил ҳудудларга айлантириш бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилади."

Агар бу тизим ишга туширилса, кўплаб муаммолар ечилиши, камчиликлар эса бартараф этилиши учун катта қадам қўйилган бўлади. Бу лойиҳа тез орада амалга тадбиқ этилишидан умидвор бўлиб қоламиз. Зеро, буларнинг барчаси халқ манфаати ва фаровонлиги учун!

Сардорбек Раҳмонқулов

Мавзуга оид:

Наманганлик тадбиркор баъзи қурилиш маҳсулотлари нархини 3 бараварга “синдирмоқчи”

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1