1

Пандемиянинг иккинчи тўлқини худди 100 йил аввалгидек бўлади — ЖССТ

ДУНЁ 29.06.2020, 08:35
Пандемиянинг иккинчи тўлқини худди 100 йил аввалгидек бўлади — ЖССТ

 Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директорининг стратегик масалалар бўйича ёрдамчиси Раньери Геррага таяниб, CNN хабар берган. Унга кўра, дунёда коронавируснинг иккинчи тўлқини юз бергудек бўлса, миллионлаб одамлар вафот этиши мумкин.  

Мутахассис коронавирус пандемиясини ХХ аср бошидаги «испан гриппи»га қиёслаган ва глобал кўламда коронавирус пандемияси «ЖССТ кутгандек авж олаётганини» айтган.

«‘Испан гриппи’ билан таққослаш шуни кўрсатмоқдаки, у ҳам ўзини ҳозирда коронавирус каби тутган. 1918 йил ёзида у пасайган ва сентябрь ҳамда октябрда қақшатқич тарзда яна авж олган ва унинг иккинчи тўлқини вақтида 50 миллион киши ҳалок бўлган», — деб таъкидлайди Герра.

«Пандемия ўзини биз кутаётгандек тутмоқда», — дея қўшимча қилади мутахассис.

Герранинг бу сўзлари Европа ва дунёнинг бошқа минтақаларида карантин чекловлари юмшатилаётгани ортида, янгради. Euronews телеканалининг хабар беришича, ЖССТнинг Европадаги бўлими мутахассислари Европада чекловлар бекор қилина бошлангандан кейин коронавирус жадал тарқала бошлаганидан хавотир олмоқда.

Мутахассислар агар тезкор чоралар кўрилмаса, Европа давлатлари соғлиқни сақлаш тизими яна таназзулга юз тутишидан огоҳлантиряпти.

ЖССТнинг Европа бўйича минтақавий бюросига кирувчи давлатларда охирги ҳафтада 130 мингдан кўпроқ янги касалланиш ҳолати қайд этилган. «Охирги 2 ҳафта давомида 30 та давлатда янги ҳолатлар кўпаяётгани қайд қилинмоқда. Бу давлатлардан 11 тасида инфекция тарқалиши тезлашгани кўп сонда касалланиш ҳолатларига олиб келди ва бунга қарши бирор чора кўрилмаса, Европа соғлиқни сақлаш тизими яна таназзулга юз тутади», — дейди бюро директори Ханс Клюге.

 

Worldometer порталининг охирги маълумотларига кўра, айни вақтда дунёда вирусга чалинганлар сони 10 миллиондан, ундан вафот этганлар сони 500 мингдан ошиб кетди.

 

Маълумот учун, «испан гриппи» (испанка) эпидемияси 1918 йил январидан 1920 йилгача давом этган. Унга бутун дунёда камида 550 миллион киши чалинган. Ундан вафот этганлар сони 50-100 миллионгача деб баҳоланади. Шунга кўра, «испанка»дан ўлим даражаси 20 фоизгача етган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1