АсосийJamiyat

Чирчиқ дарёси қирғоғида 656 километрлик пиёдалар ва велосипедлар йўлаклари қурилади

'Чирчиқ дарёси қирғоғида 656 километрлик пиёдалар ва велосипедлар йўлаклари қурилади'ning rasmi

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан Сергели туманидаги кичик саноат зоналарининг (“Индустриал парк “Сергели” кичик саноат зонаси, “Хонобод” ҚФЙ) мақсадли параметрларини ҳамда 2020-2021 йилларда қурилиши ва реконструкция қилиниши зарур бўлган Тошкент шаҳрининг йўл-транспорт инфратузилмаси объектларининг рўйхатини тасдиқланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда 2020-2030 йилларга Тошкент шаҳрининг йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозимлиги қайд этилган. 

Лойиҳада Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Сергели туманларининг ҳудудларидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси қирғоқ бўйида умумий узунлиги 656 километр бўлган пиёдалар ва велосипедлар юриш йўлларини қуриш ҳам белгиланган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 августдаги ПҚ–3895-сон “Республика ҳудудларида “Business city” замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 9-банди билан кўзда тутилган имтиёзларни 2025 йил 1 январга қадар узайтириш ҳам назарда тутилган.

Шу билан бирга Миробод, Учтепа, Шайхонтоҳур ва Яшнобод туманларида бўш турган ва самарасиз ишлатиб келинаётган иншоотлар негизида “Ишбилармонлик марказлари”ни ташкил қилиш белгиланмоқда. Бу марказлар турли йўналишлар бўйича малакавий ўқув курсларини ташкиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда хориждан келаётган фуқароларга мослашишда ёрдам бериш йўли билан Тошкент шаҳрининг банд бўлмаган аҳолисини ишга жойлаштиришни таъминлаш вазифасини бажаради.

Бундан ташқари Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Тошкент шаҳридаги "Инха" университети филиаллари ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети қошида бизнес-инкубаторларни ташкил этиш ҳам белгиланмоқда.

    Бошқа янгиликлар